5 март куни Сеул – Фарғона йўналиши бўйича чартер қатновини бажарган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Boeing 767 ҳаво кемасида мамлакатга виза расмийлаштирмасдан келган бир гуруҳ ишбилармон сайёҳлар билан «Фарғона» халқаро аэропортига қўнди. Бу ҳақда «Дарё»га авиакомпания вакиллари маълум қилди.
Аэропортда сайёҳларни Фарғона вилояти ҳокимияти, авиакомпания ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари ОАВ вакиллари билан биргаликда карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.
Корея Республикаси делегацияси раҳбари, Evergreen Motors Group компанияси бошлиғи Чанг Кеон Ким ўзбек учувчиларининг юксак маҳоратини алоҳида қайд этиб, парвознинг муваффақиятли кечганини таъкидлади.
Ўзбекистонга визасиз тўрт кунлик сафар билан келган сайёҳлар аввалига Фарғонада жойлашган Қўқон очиқ иқтисодий зонасига, Indorama Kokand Textile МЧЖ, UzSungwoo компанияси ҳамда Қўқондаги меъморий ёдгорликларга ташриф буюришни режалаштиришган. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон – Корея бизнес-форумида иштирок этиб, икки давлат ўртасида B2B шаклидаги учрашувларни ўтказишни ҳам назарда тутган.
Сешанба куни сайёҳлар Фарғонадан Тошкентга жўнаб кетади. Саёҳатларининг қолган икки кунида пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлади.
10 февралидан бошлаб Ўзбекистонда Корея, Сингапур, Туркия, Исроил, Малайзия, Индонезия ва Япония фуқаролари учун мамлакатга кириш кунидан бошлаб 30 кун давомида визасиз режим амал қилади.
Изоҳ (0)