Бухоро вилояти Бухоро тумани Ўзбакон қишлоғида яшовчи Насибали Юсуфалиев (исм-шарифи ўзгартилган) банкдан ташқари валюта муомаласининг айланиши қонунга зид эканлигини яхши билгани ҳолда бу фаолият билан шуғулланишдан воз кечмади. Бухоро шаҳрида валютага оид жиноятларни аниқлаш мақсадида амалга оширилган тезкор тадбирларнинг бирида Насибали қўлга олинди, деб ёзади ЎзА.
У Бухоро вилояти марказида яшовчи Г.Р. исмли аёлга бир АҚШ долларини 8160 сўмдан, жами 6700 долларни сотаётганда қўлга тушди. Холислар иштирокида унинг автомашинаси кўздан кечирилди. Автоулов кабинаси нақ митти «айрибошлаш шохобчаси» экан. Унда 2190 АҚШ доллари, 8500 Россия рубли ва 8 525 000 сўм пул борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Қонунга кўра, ноқонуний муомалада бўлган валюта давлат фойдасига мусодара қилинади. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан Насибали Юсуфалиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 177-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)