27 январь куни футбол бўйича Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё Чемпионатининг финал ўйинида Вьетнамга қарши саф тортади. Учрашув Тошкент вақти билан 13:00 да старт олади.
Фото: Вьетнамнинг финалга йўл олиши мамалакатда катта байрамга сабаб бўлди. Улар учун бўлажак рақиб — Ўзбекистон
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур беллашувни катта экранда намойиш қилишга қарор қилди ва футбол мухлисларига байрамга тенг учрашувни бирга томоша қилишни таклиф қилди.Бунинг учун Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуаси танлаб олинган бўлиб, ундаги 14х5 ўлчамдаги экранда Чанжоу шаҳридаги финал тўғридан-тўғри намойиш этилади. Бу билан мухлислар елкама-елка туриб, футболчиларни биргаликда қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлади.
Хабарда айтилишича, ЎФА вакиллари спорт мажмуасига кириш таклифномаларини бепул тарқатади. Уларга эга чиқишни истаган футбол ишқибозлари +998 98 307 80 88 ёки +998 90 985 42 88 телефон рақамларига қўнғироқ қилиши мумкин. Бепул таклифномани-да қўлга кирита олмаган мухлислар, спорт комплексига кира олмайди. Талабгорлар юқоридаги рақамларга 26 январь куни қўнғироқ қилиши айтиб ўтилган.
Равшан Ҳайдаров мураббийлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари Япония ва Жанубий Корея дарвозасига жами 8 та гол ургач, уларнинг кучига бўлган ишонч анчагина ошди дейиш мумкин. Энди улар Ироқ ҳамда Қатарни пенальтилар сериясига кўра таслим қилган Вьетнамни енгиши керак бўлади.
Изоҳ (0)