Германия жанубида дунёдаги энг ноодатий биноларга эга шаҳар жойлашган. Унинг ўзига хослиги архитектурасида эмас, балки уни қуришда ишлатилган олмосларда, деб хабар берди National Geographic.
Бавариянинг Нёрдлинген Рис деб номланувчи табиий ҳудудида диаметри салкам 24 километр келадиган тоғ ҳавзаси мавжуд. Анча вақтга қадар у вулқон отилиши жараёнида пайдо бўлган дея тахмин қилинган, бироқ 1960 йилда олимлар ушбу водий улкан метеоритнинг ерга тушиши оқибатида юзага келганини аниқлаган.
Диаметри салкам 1 километр ва оғирлиги камида 3 миллиард тонна бўлган осмон жисми 14,5 миллион йил аввал Ерга тушган.
Сониясига 25 километр тезликда ҳаракатланиб Ерга урилган метероит чуқурлиги 600 метр келадиган ҳавзани ҳосил қилган. Ўз навбатида чўкинди жинслар таркибидаги углерод юқори ҳарорат ва кучли босим таъсирида олмос бўлакларига айланган.
Кратерда Нёрдлинген шаҳри жойлашган бўлиб, у 898 йилдан бери мавжуд. Бу ердаги биноларнинг деворлари ва ибодатхоналарини қуришда маҳаллий материлаллардан фойдаланилган.
Бинолар таркибида олмос борлиги ХХ асрнинг 90 йилларида аниқланган. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, шаҳарда умумий миқдорда 72 минг тонна олмос мавжуд, бироқ улар орасидаги энг катта олмоснинг ўлчами 200 микрометрга (0,2 мм) тенг.
Изоҳ (0)