Фотограф Жимми Нельсон юлдузлар, моделлар ва машиналардан кўра тери ёпинган, бошига пат қадаган одамларни суратга олишни яхши кўради. У Чукоткадан Папуа Янги Гвинеягача бўлган ерларни 3 йил айланиб, йўқолиб бораётган қабилалар вакилларини суратга олди.
AdMe британиялик саёҳатчи ва фотограф Жимми Нельсоннинг кам ўрганилган, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кам сонли қабилалар ҳақидаги «Улар ғойиб бўлишидан олдин» номли фотолойиҳасини тақдим этди.Горока, Папуа Янги Гвинея
Горока Истерн-Хайлендс вилоятининг пойтахтидир. Шаҳар атрофида яшайдиган туб аҳоли вакиллари ҳалигача руҳларга ишонади ва табиат мўъжизаларига топинади.
Уларнинг асосий қуроли ёй ва рамзий маънога эга туморлардир.
Ҳар йили бу ерда Горока-шоу ўтказилади. Унда минтақанинг 100 дан ортиқ қабиласи вакиллари томошабинларни рақслари, қўшиқлари ва анъаналари билан таништириб боради.Хули, Папуа Янги Гвинея
Хули қабиласи овчилик билан кун кўради. Эркаклар асосан ов билан шуғулланса, аёллар фермер хўжалигини юритади. Сайёҳлар улар яратган боғ-роғлардан ҳайратга тушади.
Хули эркаклари юзини сариқ, қизил ва оқ рангларга бўяб, бу билан рақибларни саросимага солишга уринади.
Қабиланинг ўзига хос анъанаси ўз сочларидан парик ясашдир.Калам, Папуа Янги Гвинея
Бу қабила эркаклари ҳам овчилик билан шуғулланади, аёллари эса қишлоқ хўжалигида банд.
Қабила болалари вояга етгач, уларнинг бурунлари тешилади ва юзларини бўяшга рухсат берилади.
Эркаклар баданини безашда каркидон қушнинг тумшуғидан ясалган маржоншодалардан, турли бўёқлар ва патлардан фойдаланади.
Асаро, Папуа Янги Гвинея
Асаро минтақанинг энг сирли қабилаларидан биридир. Унинг вакиллари танасини оқ лой билан қоплаши, махсус сопол ниқобларда юриши билан машҳур.
Ниқоблар папуасларнинг руҳлар ҳақидаги тасаввурларига монанд: қулоқлар, дандон тишлар, шохлар, ғайритабиий жойлашган оғиз.Маори, Янги Зеландия
Маори анъанавий санъатининг асосий йўналишлари рақс, амалий санъат, афсоналар, татуировка ва мулоқотдан иборат. Қабила вакилининг ижтимоий мақоми унинг баданига туширилган суратларда акс этади.
Хака ҳарбий рақси маориларнинг энг машҳур анъаналаридан биридир.
Маорилар турли худолар ва руҳларга сиғинади. Улар илоҳий мавжудотлар қийин паллаларда ёрдамга келишига ишонади.Чукчалар, Россия
Чукча қабиласи эркаклари овчилик билан шуғулланади, шунингдек, шимол буғуларини парваришлайди, аёллари уй-рўзғор ва тикиш-бичиш ишлари билан банд бўлади.
Чукчалар суяклар ва морж тишларидан ўймакорлик усули билан санъат асарлари яратади.
Чукчаларда меҳмондўстлик ва бағрикенглик энг муҳим қадрият ҳисобланади, шу боис бу олис совуқ ўлкага келиб қолган сайёҳлар кўчада қолиб кетмайди.Мустанглар, Непал
Собиқ Ло қироллиги тарихий, маданий ва диний нуқтаи назардан Тибет билан боғлиқ бўлса-да, бугун Непал таркибидадир.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг кўпчилиги бугунги кунга қадар дунёнинг яссилигига, касалликларни эса ёвуз руҳлар келтириб чиқаришига ишонади.
Катта фарзанд мол-мулк меросхўрига айланганида кенжа фарзанд ибодатхона хизматига юборилади.Рабари, Ҳиндистон
Бу қабила Ҳиндистонга Эрондан минг йиллар муқаддам кўчиб келган, деган қараш бор. Ҳозир у Гужорот ва Рожастон вилоятларида истиқомат қилади.
Рабари эркаклари пода боқади, аёллари эса тикувчилик ва уй ишлари билан шуғулланади.
Рабариларнинг бутун танаси татуировка билан қопланади.