Россия президенти Владимир Путин мамлакат Жиноят кодексига тузатишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар бермоқда.
Мазкур тузатишларга кўра, теракт ҳақидаги сохта хабар учун максимал жазо аввалги 5 йилдан 10 йилгача қамоқ тариқасида кучайтирилди.
Энди ҳокимият органлари фаолиятини беқарорлаштиришга уриниш 6 йилдан 8 йилгача қамоқ билан жазоланади. Агар жиноятчилар ҳаракати ўлим ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, 8 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосигача тортилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, портлаш таҳдиди билдирилган аноним қўнғироқлар бутун Россия бўйлаб авж олди. Улардан ҳеч бири тасдиқланмади.