Конго пойтахти Киншасада куч тизими ходимлари билан тўқнашувда камида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТнинг мамлакатдаги тинчликпарвар миссияси матбуот котиби Флоренс Марчал маълум қилди, деб хабар беради «Корреспондент.net».
«Ҳуқуқ-тартибот ходимлари Киншасада камида 7 кишини отиб ташлади. Яна бир киши Кананга шаҳридаги намойишда ҳалок бўлди, бироқ унинг ўлими сабаби маълум эмас», — деди Флоренс Марчал.
Марчалга кўра, БМТ кузатувчилари мамлакат бўйлаб намойишларда камида 123 киши қўлга олинганини қайд этди.
Конгода 31 декабрь, якшанба куни бўлиб ўтган намойишларга амалдаги давлат раҳбари Жозеф Кабиланинг президентлик сайловларини ўтказишни истамаслиги сабаб бўлди. 2017 йил охирига мўлжалланган умумхалқ овоз бериши камида бир йилга қолдирилди.