Гаджетлар ва технологиялар дунёсида ҳаммаси ажойибдек кўриниши мумкин: узлуксиз инновация ва инвестициялар... Аслида эса улкан муваффақиятсизликлар ҳам етарли. «Hi-Tech Mail.Ru» технологиялар дунёсининг 2017 йилги энг қайғули ҳодисаларини тўплади.
iPhone X фонида «эски смартфон» — iPhone 8 паст сотув ҳажми
Apple iPhone 8 ни нима учун чиқарганини ҳозиргача кўпчилик тушунмайди. iPhone 8 ва iPhone 8 Plus 2014 йиллар iPhone 6 ларининг айнан ўзгинаси, фақат кучлироқ ва камераси ҳам яхшироқ.
Одамлар 6S ва «еттилик»ларни харид қилиши сабаби купертинолик болалар бошқа ҳеч нарса таклиф қилмаганлигидир. Бироқ 2017 йилда ҳамма инқилобни кутди. Ҳақиқатда янги ва технологик iPhone X’нинг яқин вақт ичида чиқиши фонида вазият кучли ўзгарди.
Натижада iPhone 8 сотила бошлаган кунда Apple Store’да анъанавий навбатлар юзага келмади. Умуман олганда, «саккизлик»ка талаб кутилганидан анча паст бўлди. Кимдир яна бир йил iPhone 7 билан яшашни афзал кўрган бўлса, ҳақиқий фанатлар iPhone X ни кутишга қарор қилди.
Энг бефойда овозли ёрдамчи — Samsung Bixby
Apple ва Google овозли ёрдамчилар чиқарганига анча йил бўлди. Дунё бўйича ўнлаб миллион одамлар улардан фойдаланади ва улар ҳақиқатда фойда келтира олади.
Samsung эса овозли ёрдамчини жуда кеч — 2017 йилда чиқарди ва у Bixby номини олди. У Galaxy S8 ва S8+ смартфонлари билан бир пайтда чиқди. Смартфонларда у учун ҳатто алоҳида тугма ажратилган!
Бироқ Bixby ҳамон оммалашмади. Унинг функциялари оз, ақлли эмас ва фақат уч тилда: корейс, хитой ва инглиз тилларидаги версияга эга. Samsung анча илгарилаб кетган рақобатчиларига етиши энди қийиндек.
Йўқотилган миллионлаб долларлар — CoinDash ва NiceHash
Якунланаётган 2017 йил — криптовалюта шов-шувлари йили. Катта пуллар атрофида доим фирибгарлар изғийди. Айниқса, бозор ҳеч ким томонидан тартибга солинмаганда. Йилнинг асосий криптовалюта лузерлари — CoinDash ва NiceHash.
Сингапурнинг CoinDash стартапи криптовалюта лойиҳаларига инвестиция киритиш майдончаси позициясини эгаллади. ICO (пулни дастлабки жойлаштириш) да фойдаланувчилар криптовалютадаги маблағларни киритадиган CoinDash манзилини кимдир ўзгартириб қўйгунга қадар ҳаммаси яхши эди. Оқибатда 7,5 миллион доллардан ортиқ маблағ номаълум йўналишга ўтказилди. Стартап асосчилари манзил бузилганлигини маълум қилган бўлса-да, аксарият фойдаланувчилар манзилни айёр сингапурликларнинг ўзи бузиб қўйган деган фикрда.
NiceHash майдончаси ҳам бир неча йил ичида яхши обрў қозонди, бироқ 6 декабрда кутилмаганда ишламай қолди. Бироз кейинроқ унинг эгалари фойдаланувчиларнинг ички ҳамёнлари бузилганлиги ва улардаги 70 миллион долларга яқин маблағ (биткоинларда) йўқолганлигини маълум қилди. Сервис фаолияти икки ҳафтадан сўнг қайта тикланди.
700 долларлик фойдасиз шарбациққич — Juicero
Махсус пакетлардан шарбат сиқувчи Juicero стартапи билан меваларни харид қилиш, ювиш ва кесиш, кейин шарбатсиққичнинг ўзини ҳам ювиш керак эмас. Пакетлар олдиндан мева шарбати билан тўлдирилган.
Иш сотишга келганда пакетлардан шарбатни қўл билан сиқиш мумкинлиги ва бу Juicero’никидан сифатлироқ бўлиши маълум бўлди. Таққослаш синовларидан бирида одам 1,5 дақиқада 213 грамм шарбат, шарбатсиққич эса 2 дақиқада 227 грамм шарбат сиқишга эришди.
Стартап тезда ёпилганлиги ҳайратланарли эмас. Фойдаланувчилар 700 долларлик фойдасиз гаджетлар билан қолди, инвесторлар эса 120 миллион долларни йўқотди.
Jawbone’нинг ёпилиши — 3,3 миллиард доллардан нолгача
Jawbone компанияси — тақиб юрилувчи гаджетлар бозори пионерларидан бири. Унинг капитали 2014 йилнинг февралида 3,3 миллиард долларга баҳоланган эди. Шундан сўнг муаммолар бошланди.
Дастлаб Jawbone Fitbit билан рақобатга дош бера олмади. Кейин Apple ўз ақлли соатларини чиқарди ва дўконларида Jawbone гаджетларини сотишни тўхтатди.
Қулаш шов-шувли бўлди: суд тортишувлари, дастлаб маошлар, кейин ходимларни қисқартириш. Бизнесни сотишга муваффақиятсиз уринишлардан сўнг 2017 йилнинг ёзида истиқболли компания секин ёпилди.
Энг бемаъни ижтимоий тармоқ — Nimses
Январда пайдо бўлган Nimses ижтимоий тармоғини «Йилнинг энг вирусли стартапи» деб номлашди. Украиналик ишлаб чиқарувчилар интернетга сарфлайдиган вақтимиздан фойда келтиришни ўйлаб топди.
Ғоя қуйидагича эди: унга қанча кўп вақт сарфласанг, у сенинг виртуал ҳисобингга шунча кўп «ним» ўтказади. Шундан сўнг улар билан бошқа иштирокчилар учун «лайк»лар, постлар яратиш, кейинчалик янада фойдалироқ нарсалар, масалан, яқинроқ кафедаги қаҳва учун тўлов амалга ошириш мумкин эди.
Лойиҳа онлайн чегарадан ташқарига чиқмади. Ички валютани маънилироқ нарсага сарфлаш имкониятининг йўқлиги ўз натижасини кўрсатди. Сентябрга келиб қачонлардир оммабоп лойиҳа ҳақида ҳамма унутди.
Ҳеч кимга керак бўлмаган смартфоннинг қайтиши — YotaPhone 3
«Арзон смартфонни олиб, унга E-Ink экран қўшамиз ва катта пулга сотамиз». Бу YotaPhone’нинг биринчи ишлаб чиқарувчилари ғояси эди.
Ўйланган иш амалга оширилди, бироқ гаджет кутилган натижани бермади. «Бозор ҳали бу каби инновацияларга тайёр эмас», — деган хулосага келган ишлаб чиқарувчилар бир йилдан сўнг YotaPhone 2 ни чиқарди. Бироқ у ҳам қайғули натижа келтирди.
Шундан сўнг компания акцияларини хитойликлар харид қилди ва 2017 йилда навбатдаги YotaPhone 3 чиқди. Инновация яна муваффақиятсизликка учради.
Xiaomi Mi Mix 2 ромлари — кутилган ҳолат ва реаллик
Дастлаб Xiaomi вакиллари гўёки ромсиз Mi Mix 2 нинг рендерларини намойиш этди. Уларда смартфоннинг уст ва ён қисмларида ҳақиқатан ҳам ром йўқдек кўринади.
Шундан сўнг у Samsung Galaxy S8 ва iPhone X билан таққосланди.
Смартфон намойиш этиладиган ҳудудга етиб борган журналистлар кутилган ҳолат реалликдан қанчалик йироқлигидан ҳайратга тушди. Mi Mix 2 нинг ён ва устки қисмларида ромлар борлиги ва улар промо-картинкалардагига қараганда анча қалин эканлиги маълум бўлди.
LeEco муваффақиятсизлиги
Барчаси афсонавий бўлиши керак эди! Хитойнинг LeEco компанияси LeTV телекоммуникацион сервисидан бошланган. Унинг 800 миллион (!) кишидан иборат ҳар ойлик аудиторияси ва ажойиб Android-телевизорлари бор эди.
Кейин гаджетларнинг бутун экотизимини яратиш ва Америка бозорига экспансия қилиш ғояси пайдо бўлди. LeEco офис қуриш учун Кремний водийсидан 250 миллион долларга ер харид қилди ва 12 минг ходимни ишга ёллади. Кутилмаганда хитойча ёндашув Штатларда иш бермаслиги аён бўлди.
Улар ўз кучини ҳисобга олмади ва катта қарздорликлар ичида қолди. 2017 йилнинг қайғули якуни: компания асосчиси Цзя Юетинь оиласи барча аъзоларининг ҳисоблари хатланди.
Биз кўрмайдиган ҳашаматли электрокарлар — Faraday Future
LeEco’нинг ортидан унинг шўъба корхонаси — Faraday Future электромобиллари ҳам муваффақиятсизликка учради. Уларга киритилган катта маблағлар Хитой собиқ гигантининг молиявий муаммоларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.
Компания биргина Лас-Вегасдаги ишлаб чиқариш майдончаси қурилиши учун миллиардлаб доллар ажратишни режалаштирган эди. Оқибатда қурилиш 2016 йил охирида музлатиб қўйилди, еттита турли машина чиқариш бўйича дастлабки режа эса иккитагача камайди.
Ҳатто бу автомобилларнинг ҳам серияли ишлаб чиқаришга тушиш имконияти жуда кам. Октябрдан ноябрга қадар Faraday Future’ни беш асосий топ-менежеридан уч нафари тарк этди, декабрь бошида эса бош дизайнери ҳам кетди.
Изоҳ (0)