Кунчиқар мамлакат фуқаролари сайёранинг бутун аҳолиси орасида энг юқори ҳаёт давомийлиги билан ажралиб туради. Японияда аёллар ўртача 86 ёшгача, эркаклар эса 79 ёшгача умр кўради, бу эса дунёнинг исталган бошқа ривожланган мамлакати кўрсаткичидан юқори, деб ёзади TravelAsk.
Бу мамлакатга ташриф буюрган кўпчилик сайёҳлар японлар жуда ёш кўриниши, хушбичим ва серғайрат эканлигини таъкидлайди. Ҳатто кекса ёшли кишилар ҳам фаол ҳаёт кечиради, велосипедларда юради, спорт ўйинлари ўйнайди ва ўз ёшидан ёш кўринади.
Эслатиб ўтиш жоизки, японияликларнинг аксарияти жуда меҳнаткаш. Улар деярли дам олиш кунисиз ишлайди, қонун билан белгиланган ҳар йиллик таътил давомийлиги эса 18 кун, бу кўрсаткич одатда саккиз кундан ошмайди. Японлар анча кўп чекади ва мунтазам спиртли ичимликлар истеъмол қилади. Мамлакат 1945 йилда бошдан кечирган Хиросима ва Нагасаки ядро ҳалокатлари, шунингдек, 2011 йилги Фукусима соғлом ва давомли ҳаёт учун ҳеч қандай имкон туғдирмайди.
Буларнинг бари дунё олимларини бу феномен жавобини топишга ундади. Ва ниҳоят, японча узоқ яшашнинг кўп сонли тадқиқотчилари ўз хулосаларини оммага тақдим этди. Барчаси японларнинг ҳаёт тарзида эканлиги маълум бўлди.
Биринчи навбатда бу овқатланишнинг ўзига хос жиҳатларидир. Японияда таом тановул қилиш маданияти кўп жиҳатдан тўғри овқатланиш ҳақидаги китоблардан тавсияларни эслатади. Улар сув ва кўк чойни кўп ичади, таомни кичик порцияларда истеъмол қилади ҳамда узоқ вақт сақланмаган ва консервация қилинмаган сарҳил маҳсулотлар тановул қилишга ҳаракат қилади.
Японлар рационида балиқ кўп миқдорда учрайди, бу янги балиқ эканлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Кунчиқар мамлакатнинг ҳар бир фуқароси йилига ўртача 68 килограмм балиқ истеъмол қилади, бу бошқа мамлакатларга қараганда тўрт мартага кўпдир. Бу омега-3 яримтўйинмаган ёғ кислоталари, селен ва йоднинг ажойиб манбаси бўлиб, юрак-қон томир тизими ва бутун организм соғлом ишлаши учун ёрдам беради. Бироқ гўштни (мол гўшти, парранда гўшти) японияликлар Европа ва америкаликларга қараганда 2—3 марта кам истеъмол қилади.
Японлар овқатланишининг иккинчи ўзига хос жиҳати — бу янги узилган мева ва сабзавотлар, шунингдек, денгиз сув ўтларининг кўп миқдорда тановул қилиниши. Уларга жуда кам иссиқлик ишлови берилади. Бу маҳсулотлар витаминлар ва минералларга бой ҳамда деярли калорияга эга эмас. Бундан ташқари, улар нон деярли истеъмол қилмайди, бунинг ўрнига гуруч ейди.
Тўғри, янги узилган ва витаминларга бой маҳсулотлардан ташқари, японияликлар европаликларга қараганда камроқ ейиши билан ҳам фарқланади. Бу нафақат порция ҳажми, балки ширинлик миқдорига ҳам тааллуқли. Масалан, японча пирожное Россияникидан уч марта кичик. Албатта, кўк чойни ҳам эслаб ўтиш лозим. Японияликлар кўк чойни кўп ичади, у эса соғлиқ учун фойдали бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Баъзан улар кўк чойни нафақат ичади, балки унинг баргларини истеъмол ҳам қилади. Улар сувни ҳам нафақат чанқоқ ҳис қилганда, балки кун давомида ҳам кўп миқдорда ичади. Японияда, шунингдек, соғлиқни мустаҳкамлаш ва умрни узайтиришга қаратилган озиқ-овқат қўшимчалари ва витамин комплекслари кўп миқдорда истеъмол қилинади.
Японча ҳаёт тарзининг иккинчи муҳим таркибий қисми — бу юқори фаоллик. Улар кўпроқ велосипедларда ва пиёда ҳаракатланади, автомобилларда эса европаликларга қараганда камроқ юради. Японлар, ҳатто кексалари ҳам гольф-крокет ўйнашни ёқтиради. Тадқиқотларда иштирок этган узоқ умр кўрувчилар кунига камида 10 минг қадам юришни тавсия қилади, бу эса тахминан олти километрга тенг.
Японияликлар ҳаётининг учинчи муҳим таркибий қисми уларнинг атроф-муҳитга муносабати ва ички хотиржамлигидир. Японлар ўз табиати билан уйғунликда яшайди, машҳур япон боғлари ва бонсайлар ҳам ўтмиш қолдиғи эмас. Катта авлод японларнинг аксарияти ҳовлисида ёки дераза токчасида севимли дарахтига эга бўлиб, уларга ғамхўрлик қилиш учун анча кўп вақт сарфлайди. Уларнинг бутун мавжудлиги табиатга ғамхўрлик билан суғорилган, ахир майдони кичикроқ бўлган ҳудудда 125 миллиондан ортиқ одам яшайди ва мамлакатни келажак авлод учун сақлаш мақсадида табиатни ҳимоя қилиш учун жуда кўп иш қилади.
Кунчиқар мамлакат узоқ умр кўрувчи фуқаролари ўзи ва атрофдагилар билан уйғунликда бўлиш учун қандай тўғри яшаш ҳақида тавсиялар беради. Улар кўпроқ жилмайиш, эзгу ишлар қилиш, болалардан қувониш ва пул ёки моддий бойликлар етишмовчилигидан қайғурмасликни тавсия қилади. Кекса японлар, шунингдек, ҳаёт берган ҳамма нарсани миннатдорлик билан қабул қилиш ва одамлардан хафа бўлмасликни тавсия этади. Эҳтимол, японияликларга жуда ҳам кексаликка қадар яшаш имконини берувчи энг муҳим нарса — бу ҳаётга бўлган муҳаббатдир.
Изоҳ (0)