Самарқанд вилоятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Конституция қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб «Ёшлар поезди» тарғибот акцияси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тарғибот акцияси иштирокчилари дастлаб Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. Шундан сўнг таниқли олимлар, кино ва театр актёрлари, спортчилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат тарғибот гуруҳлари туман ва шаҳарларга чиқиб, ёшлар билан учрашувлар ўтказди, китоб тақдимотлари, хайрия тадбирлари ташкил этилди, саноат корхоналари фаолияти билан танишди.
Пахтачи туманидаги «Зиёвуддин толаси» корхонаси ва 25-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган мулоқотларда Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунларда ёшлар ҳаёти, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ҳақида маълумот берилди. Ёшларга оид сиёсатнинг устувор йўналишлари тўғрисида сўз юритилди.
Қўшработ туманидаги Зармитан кончилар маданият уйида маҳалла аҳолиси ҳамда Қўшработ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчилари билан Ёшлар иттифоқи фаолларининг очиқ мулоқотида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан берилаётган имтиёз ва енгилликлар қайд этилди. Ота-оналар ва ёшларнинг бу ҳақдаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Тарғибот гуруҳи аъзоларининг Каттақўрғон иқтисодиёт коллежида ёшлар билан учрашувида туман марказида кутубхона ва спорт майдончалари ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Самарқанд сержантлар мактаби ҳамда "Темурбеклар мактаби"даги учрашувлар ҳам ёшлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Табирларда Бош қомус тарғиботи ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда, ёшларни ўйлантираётган савол ва муаммоларга биргаликда ечим топилди. Шаҳардаги 10-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида мавзу юзасидан расмлар танлови ўтказилиб, фаол иштирокчилар Ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Изоҳ (0)