Facebook — шунчалик катта ва мураккаб ижтимоий тармоқки, ҳеч ким у қандай ишлашини аниқ билмайди. Махфий алгоритм постларингиз дўст ва обуначиларингиз лентасида пайдо бўлиши учун жавоб беради; кўплаб ноаниқ параметрларга асосланиб, Facebook сизга қайси реклама ва эҳтимолий танишларни таклиф қилишни ҳал этади.
Ижтимоий тармоқ асосида ётувчи логика шунчалик мантиққа зидки, дунё бўйлаб тармоқ фойдаланувчилари орасида Facebook алгоритми қурилиши ҳақидаги ҳақиқий мифлар юзага келган. Meduza улардан асосийларини келтиради.
Facebook ва Instagram сизни тинглаб боради
Охирги ойларда Facebook фойдаланувчиларни яширин тинглашда мунтазам шубҳа қилинмоқда. Ғарб ва Россияда қуйидаги каби ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилишади: кишилар бирор мавзу ёки тижорат компаниясини бир-бири билан муҳокама қилади, кейин Facebook ёки Instagram лентасида тегишли рекламага дуч келади.
2017 йилнинг мартида Forbes’да Форрестер компаниясининг таҳлилий материали чиқди. У Facebook билан тажриба ўтказди, жумладан, микрофондан фойдаланиш дастури тақиқланганда тақдим этилаётган маълумотлар ҳажми ўзгариш-ўзгармаслигини ўрганди. Маълумотлар ҳажми ўзгармади; компания бошқа ҳеч нарсани аниқлай олмади.
Facebook’нинг ўзи бу шубҳаларга 2016 йилнинг июнидаёқ жавоб берди: компания у «эълонларни ёки янгиликлар лентасидаги ўзгаришларни шакллантириш учун телефон микрофонидан фойдаланмаслиги» тўғрисидаги баёнотини эълон қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчи фақат аудиони талаб қилувчи аниқ бир функциядан фаол фойдаланаётганда микрофондан фойдаланишини таъкидлайди.
Facebook ким билан учрашганлигингизни кузатиб бориб, уларни дўстларингиз сафига қўшишни таклиф қилади
Баъзи фойдаланувчиларнинг пайқашича, бирор киши билан шахсий учрашувдан сўнг Facebook шу заҳоти уни дўстлари сафига қўшишни таклиф қилади. Бу ҳолат фойдаланувчининг мазкур шахс билан умумий дўстлари бўлмаган ҳолатларда ҳам юз берган. Бу кўпроқ журналистлар билан содир бўлади. Facebook уларнинг аноним манбалари билан дўстлашишни таклиф қилади.
Шу муносабат билан Facebook фойдаланувчиларининг қаерда эканлигини аниқлаб, кейин бу маълумотлардан дўстларни тавсия этишда фойдаланиши ҳақидаги назария мавжуд.
2016 йилнинг июнида Fusion нашрида Facebook вакилларининг баёнотларига асосланган мақола чиқди. Унга кўра, жойлашув жойи ҳақидаги маълумот эҳтимолий дўстларни аниқлаш омилларидан бири сифатида қўлланилади. Материал чоп этилгандан сўнг ижтимоий тармоқ барчасини рад қилди: гўёки геолокация қисқа вақт оралиғида синов тариқасида фойдаланилган, энди компания бундай йўл тутмаяпти.
Ссилкаси (ҳавола) бор постларни ҳеч ким кўрмайди
Рус тилидаги Facebook’да фойдаланувчи у ёки бу материални блог ёки ОАВда тавсия қилиб, унинг ҳаволасини мақоланинг ўзида эмас, унга изоҳда берадиган постларни тез-тез учратиш мумкин. Чунки Facebook ссилкали постларни ёқтирмаслиги ва уларни дўстларингиз ленталарида пайдо бўлишини сезиларли даражада камайтиради деган фикрлар мавжуд.
Табиийки, Facebook янгиликлар лентасини алгоритм иши тафсилотларига берилмасдан, ўқувчилар қизиқишларига мос равишда шакллантиришини таъкидлайди. Шунга қарамасдан, тадқиқотлар ҳаволасиз постлар улар бор постларга қараганда деярли икки баробар кўпроқ қамраб олинишини кўрсатади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларда тезроқ юкланадиган ссилкаларга (Instant Articles формати идеал ҳисобланади) кўпроқ аҳамият қаратиши, реклама билан тўлиб-тошган сайтларга берилган ҳаволаларни камроқ кўрсатишини тан олади.
Facebook фақат профилингизда кўрсатган маълумотларингизни билади
Баъзан ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ паранойя реалликдан узоқдек кўринади, ахир одамлар профилига маълумотларини ўзи киритади — бирор нарсани яширмоқчи бўлсанг, уни шунчаки кўрсатмаслик мумкин. Ёки бундай эмасми?
2016 йилда The Telegraph’да журналист Кари Макгугеннинг мақоласи чиқди. Унда Facebook фойдаланувчилар рақамлари билан қандай муомалада бўлиши тасвирланади. Баъзан ижтимоий тармоқ рақамни аккаунтга боғлиқ қилиб қўйишни таклиф қилади; бунда баъзи ҳолатларда рақамни киритиш ҳам талаб қилинмайди. Чунки у экранда акс этиб туради, «Тасдиқлаш» тугмасини босиш кифоя.
Facebook таклиф қилинган рақам манбаси:
- мобил телефонингиз ёки планшетингиз;
- мобил операторингиз;
- Facebook’нинг бошқа фойдаланувчилари контактлари рўйхати;
- аввал киритган, бироқ тасдиқламаган рақам бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Макгуген у «Тасдиқлаш» тугмасини босмаса ҳам, ҳамкасби таклиф қилинган рақам бўйича уни Facebook’дан топа олганлигини аниқлади.
Қанча кўп ёзсангиз, шунча ёмон
Баъзи SMM-менежерлар постлар ҳамма кўра оладиган саҳифага жуда тез-тез жойланса, Facebook уларни обуначиларга камроқ кўрсатади деб ҳисоблайди. Компаниянинг ўзи шунчаки «мунтазам» ёзишни тавсия қилади. Шунга қарамасдан, аксарият тадқиқотларда кунига бир-иккита пост чоп этган яхшироқ эканлиги таъкидланади.
Изоҳ (0)