Россия ИИВ киритган янги қонун лойиҳасига кўра, Россия ҳудудида ярим йилдан кўп яшаган чет эл фуқароси ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришига тўғри келади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Идора вакилларининг қайд қилишича, айрим чет давлатларда ҳайдовчилик гувоҳномасининг муддати бўлмайди, бу эса хорижликларга Россияда мунтазам тиббий текширувсиз машина бошқариш имконини беради. Шу муносабат билан шахс Россияга кирганидан ярим йил ўтиб унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини тан олмаслик таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ИИВ фуқаролари мамлакатда ўз миллий гувоҳномалари ёрдамида профессионал ҳайдовчи бўлиб ишлаши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтирмоқчи. Бундай ҳуқуқ Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларига берилиши кутилмоқда.
Янги қонун 2018 йил июнидан кучга киради.