Homeless World Cup Foundation маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб 100 миллионга яқин бошпанасиз инсонлар мавжуд. Россияда уларнинг сони беш миллион нафарни ташкил этади. Шунга қарамай Европа, АҚШ, Африка, Осиё ва Жанубий Америкада бўш ётган бутун бошли иншоотлар , қишлоқлар ва ҳатто шаҳарлар мавжуд. «Дом» нашри бутун дунё бўйлаб ташландиқ ётган шаҳарларнинг суратларни тўплаб тақдим этди.
Энг машҳур арвоҳ-шаҳарлардан бири — Припять бўлиб, у Чернобиль АЭСидан 2 километр нарида жойлашган. Шаҳарга 1970 йилда асос солинган, орадан 16 йил ўтиб, АЭС билан содир бўлган мудҳиш ҳодисадан сўнг, барча аҳоли эвакуация қилинган.
Кадикчан — Магадан вилоятидаги собиқ посёлка бўлиб, 2000 йилларнинг бошидан бери бу ерда ҳеч ким яшамайди. Авваллари бу ерда тошкўмир қазиб олувчи ташкилотнинг ходимлари истиқомат қилган. 1996 йилнинг кузида шахталардан бирида портлаш содир бўлиши оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг, шахта ёпилган ва одамларнинг бу ердан кўчиб кетиши учун пул берилган. 2001 йилда бу ердаги барча уйлар иссиқлик ва электр энергиясидан узиб қўйилган.
Россияда жойлашган яна бир арвоҳ-қишлоқ — шахтёрларнинг Пирамида қишлоғи. У Ғарбий Шпицберген оролида жойлашган. Бу ерда мингга яқин одам доимий истиқомат қилган. Ҳозирда 1998 йилда ёпилган қишлоққа фақатгина туристлар ташриф буюриб туради.
Американинг Пенсильвания штатида ҳам худди Пирамиданинг қисматига дучор бўлган шаҳар — Централия мавжуд. Бу ерда ҳам кўмир қазиб олинган, бироқ шахталарда ёнғин чиққач кўмир саноатига путур етган. Централия аҳолиси шаҳарни 1980 йилда тарк этган.
Боди арвоҳ-шаҳри Калифорния штатининг Невада билан чегарадош ҳудудидаги Моно округи яқинида жойлашган. Боди оиласининг аъзолари бу ерда олтин қазиш ишлари билан шуғулланган. XIX аср охирида олтиннинг нархи тушиб кетгач, бу ерда яшашдан фойда қолмаган. Шаҳар анча вақтга қадар кимсасиз ётган ва кейинчалик уни тарихий боғга айлантирилган.
Суратда Чилининг Атакама саҳросида жойлашган Хамберстоун шаҳри жойлашган. XIX аср охири ва ХХ асрнинг биринчи ярмида бу ерда селитра қазиб олинган. Шаҳарда уч мингга яқин одам яшаган, селитра захиралари қолмагач, одамлар бу ердан кўчиб кетган.
Вароша — Кипрнинг Фамагуста шаҳрида жойлашган ташландиқ даҳа. 1974 йилдаги турк босқинига қадар бу ер одатий курорт шаҳар бўлган. Курорт шаҳарга Элизабет Тейлор ва Брижит Бардо ҳам ташриф буюрган. Аммо турклар Фамагустани эгаллагач, Вароша аҳолисига бир сутка ичида кўчиб кетиш буйруғини беришган.
Бу ерда янги ҳаёт бошлашнинг барибир имкони бўлмаган. БМТ Хавсизлик Кенгаши 1980 йилнинг ўрталарида ушбу даҳадаги уйларга аввалги хўжайинларидан бошқа ҳеч ким кириши мумкин эмас деган резолюцияни қабул қилган. Шунга қарамай варошаликлар ортга қайтмаган.