Тошкент вилоятида икки кишини ўлдирган киши умрбод қамоққа ҳукм этилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судлов ҳайъати томонидан 1981 йилда туғилган Маҳкамов Шавкатжон Шукуржоновичга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратураси маълум қилди.

Фото: Тошкент вилояти прокуратураси

Иш ҳужжатларига кўра, муқаддам уч марта судланган Ш. Маҳкамов Юқоричирчиқ туманида яшовчи Н. Кимнинг уйида ёлланма ишчи сифатида ишлаб келиб, олдиндан ўйланган режага асосан 15 апрель куни уй эгаси ва унинг турмуш ўртоғи Е. Кимларга ошхона пичоғи билан қуролланган ҳолда ҳужум қилиб, уларни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.

Шундан сўнг жабрланувчиларга тегишли бўлган жами 82 минг доллар ва 7 миллион сўм миқдоридаги пуб маблағлари, шунингдек, 18 миллион сўмлик турли буюмлар ва Chevrolet Spark автомашинасини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Ш. Маҳкамов 17 апрель куни қўлга олиниб, ундан тегишли ашёвий далиллар олинган.

Суд ҳукмига асосан Ш. Маҳкамов жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, автотранспорт воситасини олиб қочиш ва бошқа ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

↓ KEYINGI XABAR ↓
Scroll to top