Суриянинг Дамашқ шаҳри яқинидаги саноат зонасида жойлашган, уруш вақтида жангарилар томонидан вайрон қилинган йирик фармацевтика заводи ўз фаолиятини қайта ишга туширди ва яна дорилар ишлаб чиқаришни бошлади. Бу ҳақда завод эгаси Умар Айсуэти журналистларга маълум қилди, деб хабар берди «РИА Новости».
«Сурияда жанговар ҳаракат бошланганидан ва ушбу ҳудудга жангарилар етиб келганидан сўнг, бизнинг ишлаб чиқаришимиз тўхтади, террорчилар заводни вайрон қилди, кўплаб ускуналарни ёқиб юборди. Уруш бошлангунига қадар биз 40 дан ортиқ турдаги тиббиёт воситаларини ишлаб чиқарар эдик: асосан «юраги касаллар» учун дорилар, мазлар, эритмалар ва оғриқ қолдирувчи воситалар», — деди доктор Айсуэти.
Айсуэтининг сўзларига кўра, Адра индустриал шаҳарчасида деескалация зонаси ташкил этилганлиги сабаб ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари яна ўз фаолиятини бошлаган.
Завод ишчилари уруш йиллари давомида йўқотилган имкониятларни қайта қўлга киритиш учун икки сменада ишламоқда.
«Янги завод ва ёш ходимлар, бу ерда Сурия фармацевтикасининг келажаги ривожланмоқда», — дея таъкидлади Айсуэти.
Завод эгасининг сўзларига қараганда, фармацевтика корхонаси эндигина оёққа турганига қарамай Суриядаги юзлаб дорихоналарга тайёр маҳсулотлар етказиб берилган. Бундан ташқари мамлакатдан санкциялар олиб ташланиши билан маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади.
Ҳозирги кунда Сурияда учта деескалация зоналари ташкил этилган: Хомс шаҳри шимолида, Дамашқ шаҳри яқинида — Шарқий Гута ҳудудида, шунингдек, Сурия ва Иордания чегарасида — Деръа вилоятида.