Президент Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» ўн биринчи халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилди. Мурожаат матни ЎзАда келтирилди.
Ассалому алайкум, муҳтарам меҳмонлар!
Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор, сиз, азизларни қадимий ва гўзал Ўзбекистон заминида, азим Самарқанд шаҳрида самимий қутлашга рухсат бергайсиз.
Барчангизни «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Талиб Рифаи, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламентлар ассамблеяси раиси Кристин Муттонен, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — АЙСЕСКО Бош директори Абдулазиз Усмон ал-Тувайжри жаноблари каби юқори мартабали меҳмонларимиз иштирок этаётгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.
Шунингдек, Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш бўйича халқаро марказ — ИРСИКА бош директори Халит Эрен, Халқаро фолклор санъати ташкилотининг Осиё минтақаси бўйича Бош котиби Мун Хюн Сук, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Николаевич Лебедев, Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Ефимович Швидкой, АҚШ ва Канададаги бухоролик яҳудийлар конгресси президенти Борис Қандов ва бошқа қадрли меҳмонларимизни, халқимизга ҳурмат кўрсатиб, мана шундай анжуманларимизда ҳар сафар иштирок этиб келаётган дипломатик корпус вакилларини самимий қутлашдан бахтиёрман.
Фурсатдан фойдаланиб, барча фестиваль иштирокчиларига «Хуш келибсиз, Самарқанд шаҳрига, хуш келибсиз, она Ўзбекистонимизга!» деб юксак ҳурмат ва эҳтиромимизни билдиришга ижозат бергайсиз.
Муҳтарам дўстлар!
Дунёда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги ўта мураккаб замонда миллати, тили ва дини турлича бўлган миллионлаб одамларни ҳеч қандай таржимонсиз дўст қиладиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган мусиқа санъатининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.
Шу маънода, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг бу йилги анжумани алоҳида мазмун ва аҳамиятга эга бўлиб, у фестиваль ташкил этилганига йигирма йил тўлган тарихий бир санада ўтказилмоқда.
Бугунги қувончли айёмда мана шу халқаро анжуманга асос солган, унинг жаҳон миқёсида муносиб обрў-эътибор қозониши учун улкан ҳисса қўшган инсонларни, уларнинг унутилмас хизматларини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Бу ҳақда гапирганда, аввало, атоқли сиёсат ва давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг азиз хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёдга оламиз. Ислом Абдуғаниевич ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрини, унинг юраги бўлган қадимий Регистон майдонини қанчалик буюк муҳаббат билан севса, «Шарқ тароналари» фестивалини ҳам шунчалик севар, қадрлар эдилар.
«Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ўзининг бетакрор руҳи ва қиёфаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш, маданий мулоқотни ривожлантириш борасидаги эзгу мақсад-муддаолари билан қисқа муддатда юксак даражага эришди.
Бу борада сиз, азизлар каби фидоий ташкилотчи ва иштирокчиларнинг муносиб ҳиссангиз борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
«Шарқ тароналари» фестивали 1997 йилдан буён қандай катта йўлни босиб ўтгани, унинг ўзига хос шаклланиш ва ривожланиш тарихи ҳақида кўп гапириш мумкин.
Аммо мен бу борада фақатгина битта рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Агар 1997 йилда, дастлабки мусиқа байрамида дунёнинг 31 та давлатидан 57 нафар санъаткор қатнашган бўлса, бу йил 58 та мамлакатдан 241 нафар моҳир хонанда ва созанда иштирок этмоқда.
«Шарқ тароналари» фестивали бугунги кунда ЮНЕСКО томонидан мусиқа оламининг йирик халқаро форуми сифатида эътироф этилгани ва бу ибора дунё бўйлаб баралла янграётгани, ҳеч шубҳасиз, унинг нуфузи ва аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!
Мана шу гўзал ва бетакрор Регистон майдонида туриб, ўзининг 2750 йиллик тарихи давомида не-не воқеаларга гувоҳ бўлган Самарқанд шаҳри шу кунларда янада очилиб, жаҳон мусиқа санъатининг марказига, чиндан ҳам «эр юзининг сайқали»га айланиб бораётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бундан олти юз йил муқаддам — буюк Амир Темур замонларида ҳам етти иқлимдан энг моҳир созанда ва хонандалар йиғилиб, Самарқанд заминида гўзал анжуманлар ўтказганлари тарихий манбалардан яхши маълум.
Мана, орадан шунча йиллар, асрлар ўтиб, ер юзининг манаман деган мусиқа усталари яна азим Самарқандга тўпланиб, жаҳон аҳлини беқиёс санъат байрамига чорламоқдалар.
Биз сиз, азиз меҳмонларимизни дунёдаги турли халқларнинг маънавий оламини мусиқа орқали ифода этадиган, уларнинг саломи ва эзгу тилакларини етказадиган тинчлик ва дўстлик элчилари сифатида қабул қиламиз. Сизлар каби минг-минглаб санъат намояндаларининг жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, юксак инсоний идеалларни асраш ва мустаҳкамлаш йўлидаги олижаноб саъй-ҳаракатларингизни барчамиз юксак баҳолаймиз.
Фестиваль доирасида сиз, азизлар ўз Ватанингизнинг мусиқа меросини намоён қилиш билан бирга, бизнинг шаҳар ва қишлоқларимизда бўлиб, юртдошларимиз билан самимий суҳбатлар қилиб, ўзбек халқининг ҳаёти, унинг орзу-интилишлари, меҳмондўстлик фазилатлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўласиз.
Буларнинг барчаси бизнинг мамлакатимиз ва халқимиз ҳақидаги тасаввурларингизни кенгайтиради, сизлар учун ижод ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Муҳтарам фестиваль қатнашчилари!
Барчангизни бугунги санъат ва нафосат байрами билан яна бир бор табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, анжуман ишига эса муваффақият тилайман.
Азиз дўстлар, бугун барчамиз эзгу ниятлар ижобат бўладиган қутлуғ ва саховатли Самарқанд заминида туриб, бир мақсадни истаймиз:
Дунёнинг барча ўлкаларида ҳаётбахш мусиқа садолари доимо янграб турсин!
Жаҳондаги барча инсонлар ҳамиша аҳил ва иноқ бўлиб яшасин!
Эр юзида тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарор бўлсин!
Эътиборингиз учун ташаккур.
Изоҳ (0)