Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мурувват тадбирларида имконияти чекланган фуқароларнинг бир гуруҳига Президент совғаси — замонавий уйлар берилмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Жумладан, Жиззахда эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси — янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шароф Рашидов туманидаги Учтепа массивида 24 хонадонга мўлжалланган икки қаватли янгиланган лойиҳа асосида замонавий уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу уйнинг ҳар бири 2–3 хонадан иборат олти хонадони эҳтиёжманд фуқароларга берилди.
Янги уйлардан бири туманнинг Қўшкўприк маҳалласида акалари билан тор ҳовлида яшаб келаётган Жасур Рашидовга берилди. Ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ногирон бўлгани боис алоҳида уй-жой қилиб чиқиб кетиш имконини қилолмаётган эди. Халқ қабулхонаси тавсияси билан унинг мурожаати ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди ва янги уйдаги 3 хонали хонадонлардан бири унга ажратилди.
Учрашувда 28 ногиронга имтиёзли кредит асосида уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди. Эҳтиёжманд фуқаролардан 46 нафарига катталар, 15 нафарига болалар ногиронлик аравачаси, 17 нафарига эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар топширилди.
Шу куни Зомин туманидаги Мурувват уйида истиқомат қилувчилар билан учрашув ва байрам тадбири ўтказилди.
Изоҳ (0)