Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларини табриклади. Табрик матнини ЎзА келтирди.
«Аввало, маданий ҳаётимиздаги улкан воқеа – халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами билан сиз, азизларни, атоқли санъаткоримизнинг авлодларини, шогирдлари ва минг-минглаб мухлисларини, бугунги анжуманга ташриф буюрган хорижий меҳмонларимизни, бағрикенг, юксак маънавиятли Хоразм элини самимий муборакбод этаман», — дейилади табрикнинг кириш қисмида.
Давлат раҳбари Комилжон Отаниёзовнинг ХХ аср ўзбек санъати ривожига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлаб ўтди.
«Бу улуғ инсоннинг яна бир унутилмас хизмати шундаки, у ўзининг қалб қўри, меҳри ва саховатини бағишлаб, ўнлаб истеъдодли шогирдларни камолга етказди. Бугун нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам шуҳрат қозонган кўплаб ҳофиз ва санъаткорлар уни ўзларининг маънавий устози деб биладилар», — таъкидланади табрикда.
Хусусан, устоз санъаткор таваллудининг 100 йиллигини республика миқёсида кенг нишонлаш мақсадида у туғилиб вояга етган Хоразм заминида унинг уй-музейи ташкил этилгани, Шовот туманида Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғи реконструкция қилиниб, ҳар томонлама обод қилингани, Урганч туманида ҳофиз хотирасига аталган боғ ва ижод маркази барпо этилиб, у зотнинг табаррук сиймоси акс эттирилган ёдгорлик ўрнатилгани қайд этиб ўтилди.
«Фурсатдан фойдаланиб, бу эзгу ва хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшган барча юртдошларимизга – қўли гул қурувчилар, меъмору муҳандисларимизга, бунёдкор Хоразм аҳлига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик изҳор этаман», — хулоса қилди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)