Болалар организмининг кўп сув йўқотганлигини қандай билиш мумкин? Организм суюқлик йўқотганда унда қандай ўзгаришлар юз беради?
Исроил ўта иссиқ мамлакат ва жуда иссиқ мавсум ҳали олдинда эканлигини тахмин қилиш учун барча асослар мавжуд. Юқори ҳароратда организмнинг кўп суюқлик йўқотиши соғлиқ учун асосий таҳдидлардан бири ҳисобланади, деб ёзади «Вести.ru».
Суткасига қанча сув ичиш керак ва сувсизланишнинг энг биринчи белгиларини қандай пайқаш мумкин?
Сувсизланиш белгилари
Енгил сувсизланиш ҳолатларида киши чанқоқни ҳис қилади, иштаҳаси йўқолади, тери эса қуриб кетади. Ўрта даражадаги сувсизланиш кучли чанқоқ, нимжонлик, оғизнинг қуриши, бош оғриғи ва бош айланишини келтириб чиқаради. Ўтирган ҳолатдан тик ҳолатга ўтиш қон босимининг пасайиб кетиши ва ҳушни йўқотишга олиб келиши мумкин.
Болалар ва чақалоқларнинг сувсизланиш белгилари: кўз ёшсиз йиғлаш, пешоб чиқаришнинг камайиши.
Организм суюқлигининг беш фоизи йўқотилган кучли сувсизланиш юрак уришининг тезлашиши, нафас сиқиши, артериал қон босимининг пасайиши, уйқучанлик, ҳушсизлик, талваса ва ҳушдан кетишга олиб келиши мумкин. Тана 15 фоиз суюқлик йўқотиши ҳаёт учун хавфли ҳисобланади.
Пешоб рангини кузатиб бориш муҳим саналади: унинг ранги оч сариқ рангда бўлиши лозим. Тўқ сариқ ёки жигарранг пешоб сувсизланиш белгисидир.
Сувни чанқоқ ҳисси пайдо бўлмасдан ичиш керак. Чанқоқ ҳисси сувсизланиш аллақачон бошланганлигини билдиради.
Сувсизланиш нима учун хавфли?
Сувсизланиш организмдаги натрий ва калий тузлари мувозанатини ўзгартиради, бу эса буйрак ва юрак функцияларини издан чиқаради. Бундан ташқари, суюқлик йўқотиш мия ва бошқа органларга қон келишини камайтиради.
Агар ҳарорат организм ўз-ўзини совута олмайдиган даражага йэтса, оқсилларнинг қуйилиши бошланади (тухум қайнатилганда каби), бу эса организмга ҳаёт учун хавфли зарба беради.
Тавсия: қанча сув ичиш лозим?
Бу саволга турли хил жавоблар мавжуд. Бир формулага кўра соғлом одам учун бир суткалик суюқлик миқдори қуйидагича аниқланади: вазн (килограммларда) 30 га кўпайтирилади ва 1000 га бўлинади.
Масалан, вазни 70 килограмм бўлган одам 70 х 30 : 1000=2,1 литр сув ичиши керак. Бу кунига тахминан 9 стаканга тўғри келади.
Мазкур формулага мувофиқ, вазни 30 килограмм бўлган бола кунига 0,9 литр ёки тахминан 4 стакан сув ичиши лозим.
Бироқ бу формуланинг муаммоли жиҳати у фақат соғлом кишиларга мўлжалланган. Жисмоний ҳаракатлар, атроф-муҳит шарт-шароитлари (об-ҳаво, намлик) ва шахсий белгилар: ёш, жинс кабиларни ҳисобга олмайди.
Спортчи чанқоқ ҳиссини сувсизланиш босқичида ҳис қилади. Халқаро тавсиялар қуйидагича: машғулотдан олдинги уч ёки тўрт соат давомида тананинг ҳар бир килограмми учун 5—7 мл сув ичиш. Яъни вазни 70 килограмм бўлган одам машғулотга қадар 450 мл (2—3 стакан) сув ичиши лозим.
Агар киши пешоб чиқармаса ёки пешоб тўқ рангда бўлса, машғулотдан бир соат аввал ҳар бир килограмм учун яна 3—5 мл сув ичиш керак бўлади.
Пешоб ҳажми катта кишиларда кунига 0,5 дан 2 литргача, болаларда вазннинг ҳар бир килограммига 12 мл, жуда кичик болаларда эса 24 мл ни ташкил этиши лозим.
Нима ичиш тавсия қилинади?
Ичиш учун энг яхши суюқлик сув ҳисобланади. Семиришга олиб келувчи ширин ичимликлар ичиш тавсия этилмайди. Таркибида кофеин бўлган ичимликларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг пешоб ҳайдаш хусусияти организмнинг суюқлик йўқотишини кўпайтиради.
Изоҳ (0)