Кеча — 29 июнь куни «Сўғдиёна» клуби президенти Ўктамжон Маҳмуджонов жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказди. Учрашув чемпионатнинг биринчи давра якунларига бағишлаб ўтказилгани клуб матбуот хизмати томонидан қайд этилган.
Ўктамжон Маҳмуджонов сўз олиб, клубнинг биринчи даврадаги қониқарсиз натижаларига эътибор қаратган. «Сўғдиёна» чемпионатнинг ярмини 13-ўринда якунлаганди. 5 та ғалаба, 2 та дуранг ва 8 та мағлубият раҳбариятни қаноатлантирмаган. Оқибатда бош мураббий Даврон Файзиев ўз аризасига кўра ишдан бўшаган.
Клуб президенти, шунингдек, дарвозабонларни тайёрлашдаги камчиликларга тўхталган. Посбонларда етарлича маҳорат шакллантира олмагани учун мураббий Шавкат Абдухўжаевни истеъфога чиқарган. Қўшимчасига, дарвозабон Сарвар Каримов билан тузилган шартномани муддатидан аввал бекор қилган. Унинг қаторида футболчилардан Дадажон Маматқулов, Омон Ҳалилов ҳам жамоадан четлаштирилган.
Маҳмуджонов нима сабабдан айнан дарвозабонлар масаласини кўтаргани ва уларга кескин чора кўргани очиқланмаган.
«Сўғдиёна» матбуот хизматининг қайд этишича, клубга янги бош мураббий излаш ишлари бошлаб юборилган.
Изоҳ (0)