Янги раҳбарият қўлига ўтган ва иккинчи давра олдидан катта ўзгаришлар бўлиши кутилаётган Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ёзги трансфер давомида бир қатор футболчиларни ўз сафига қўшиб олиши мумкин.
«Championat.asia» нашрининг маълумот беришича, тошкентликлар «Насаф»нинг икки етакчи футболчиси билан шартнома имзолаши мумкин: дарвозабон Элдор Суюнов ва ҳимоячи Фаррух Сайфиев. Ҳар икки футболчи ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳисобланади.
Ўтган йили «Бухоро» клуби сафида 10 та гол урган ва жамоасининг кучли тўртликдан жой олишига кўмаклашган Азиз Ибрагимов ҳам «Пахтакор» либосини кийиши мумкин. У қишда Эроннинг «Машинасози» клуби сафига ўтганди. Ярим йилдан сўнг Тошкентга қайтиб келиши катта эҳтимол.
«Пахтакор», шунингдек, ижара асосида тўп сураётган футболчиларини ортга қайтариши ҳақиқатга яқин. Масалан, Хитой чемпионатида тузукроқ ўйин амалиётига эга бўлмаётган Егор Кримец, «Локомотив»га ижарага берилган Жамолиддин Машарипов, «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилаётган Жавоҳир Сиддиқов шулар жумласидандир.
Биринчи давра сўнггида «Пахтакор»ни бош мураббий сифатида грузиялик Шота Арвеладзе қабул қилиб олади.
Изоҳ (0)