Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сардор Рашидов фаолиятининг Амирликларнинг «Ал-Жазира» клубида давом эттиради. Бу ҳақда футболчининг ўзи Instagram саҳифаси орқали маълумот берган.
«Ал-Жазира» клуби футболчини яхши кайфият ва чиройли торт билан кутиб олганини кўриш мумкин. Клуб якунига етган БАА чемпионати ғолибига айлангани учун, шу йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Мазкур турнирга Европа чемпиони сифатида Мадриднинг «Реал» клуби ҳам ташриф буюради ва иштирокини ярим финал босқичидан бошлайди.
Клублар мундиалининг сўнгги мавсумида Япониянинг «Кашима Антлерс» клуби финалга қадар етиб бориб, якунда «Реал»га қарши ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушганди. «Ал-Жазира» 6 декабрь куни иштирокини плей-офф босқичида Янги Зеландиянинг «Окленд Сити» клубига қарши ўйин билан бошлайди.
Сардор Рашидов бунга қадар 2015 йилдан буён Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби шарафини ҳимоя қилиб келганди. Аммо 2017 йилдан эътиборан «Ал-Жаиш» ҳамда «Лаҳвия» клублари битта жамоа байроғи остида бирлаштирилгач, Рашидов Қатарни тарк этишга қарор қилди.
Унга Амирликларнинг «Ал-Айн» клуби ҳам жиддий қизиқиш билдирган бўлиб, Осиёнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси Умар Абдулраҳмон Рашидовга икки марта қўнғироқ қилган ва жамоасига таклиф қилганди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи эса клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўйнаш истаги туфайли «Ал-Жазира» вариантини ёқтираётгани ҳақида айтиб ўтганди.
2013 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп суриб келаётган футболчи фаолиятини 2007 йил Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубида бошлаган бўлиб, 2009—2015 йиллар давомида Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби шарафини ҳимоя қилганди.
Изоҳ (0)