Бунга қадар 9 та жангда рингга чиқиб, уларнинг барчасида рақибларини таслим қилган ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашев, ҳисоб бўйича ўнинчи жангини ҳам муддатидан олдин якунлашга муваффақ бўлди.
«Проспект» бокс кечасининг марказий жангида у тожикистонлик Сунатилло Раҳматуллаевга қарши рингга чиқди ва 1-раунднинг ўзидаёқ рақибини нокаут қилишга эришди. Вазн ўлчаш маросимида Шоҳжаҳоннинг 66,8 килограмм тош босиши аниқ бўлган, тожикистонлик боксчининг вазни эса 65,7 килограммни ташкил қилганди.
Жангга қадар ўзбекистонлик боксчи чап қўлини жароҳатлаб олгани айтилганди. Шунга қарамай, у бир қўлда бўлса ҳам жанг қилишга қарор қилганди.
Унинг ўнинчи жанги чемпионлик камари йўлида америкалик боксчига қарши кечиши керак эди. Бироқ 10 июнга бир неча кун қолганида рақиб ҳам, жанг мақоми ҳам ўзгарди. Шоҳжаҳон Эргашев кеча рейтинг жангини ўтказди.
Изоҳ (0)