Саудия Арабистони футбол федерацияси мамлакат бош жамоаси футболчиларининг Австралияга қарши ўйин олдидан бир дақиқалик сукут сақлашдан бош тортгани учун расман узр сўради. Бу ҳақда «Sports.ru» сайти хабар берди.
Австралия ва Саудия термаларининг ЖЧ—2018 саралашидан жой олган ўйини Лондондаги теракт учун бир дақиқалик сукут билан бошланиши режалаштирилганди. Аммо саудиялик футболчилар майдон маркази чизиғи устида саф тортишни истамади ва чигалёзди машғулотлари билан банд бўлди.
«2017 йилнинг 3 июнь куни содир бўлган Лондондаги теракт қурбонлари хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлашни истамаган айрим футболчилар Саудия Арабистони футбол федерациясини чуқур афсусда қолдирди. Ташкилот бунинг учун расман узр сўрайди. Бунда футболчилар кимгадир нисбатан ҳурматсизлик қилиш, ҳалок бўлганлар хотирасини ерга уриш ёки уларнинг яқинлари, дўстлари ва мудҳиш воқеадан азият чеккан қолган инсонлар иззатини жойига қўймаслик фикрида бўлмаган. Саудия Арабистони терроризм ва экстремизмни қоралайди, унда яқинларини йўқотган оилаларга ва Бирлашган Қироллик халқига ўзининг чуқуқ ҳамдардлигини изҳор қилади», деб ёзилган ташкилот расмий сайтида.
Маълумот учун, Австралия ва Саудия термалари иштирокидаги учрашувни ўзбекистон рефери Равшан Эрматов бошқариб борганди. Унда яшил қитъа терма жамоаси 3:2 ҳисобида муваффақият қозонди.