Олимлар Ойда астероидларнинг майда бўлакларидан иборат «ёмғирлар» деярли узлуксиз ёғишини аниқлади. Бу ҳақда Афинадаги Астрономия институти мутахассиси Алкесте Бонанос ҳикоя қилди, деб ёзади «Аргументи и факти».
«Бизнинг қўшалоқ камераларимиз Ой юзасидаги чақинларни кўриш имконини беради. Буни шу пайтгача битта телескоп ёрдамида ҳеч ким амалга ошира олмаган. Охирги 22 ой давомидаги маълумотларни тўплаб, Ер атрофида диаметри ўн метр ва ундан кичик қанча астероид мавжудлигини тушунишга эришамиз. Бундан ташқари, мазкур маълумотлар чақинлар физикасини кашф этиш ва қайси масса объектлари уларни келтириб чиқаришини тушунишга ёрдам беради», — дейди Бонанос.
Бутун дунё олимлари охирги ўнйилликлар давомида Ер атрофидаги астероидларни мунтазам кузатиб боради. Астрономлар улар Ер сайёраси учун қанчалик хавфли эканлигини аниқлашга уринмоқда.
Астрономлар Грециядаги Крионери обсерваториясида жойлашган 1,2 метрли телескоп ёрдамида Ой юзасини март ва апрель ойларида кузатиб бориб, у ерда мунтазам «тошли ёмғирлар» ёғишини аниқлади. Бор-йўғи 11 соат ичида мутахассислар Челябинск метеорити ўлчамидаги тўртта астероид қулашини қайд этди.
Изоҳ (0)