Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнатини ташкил этиш ҳақидаги битим доирасида 2017 йилнинг 17—19 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги масъул ходимлари ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси дипломатларидан иборат таркибдаги ўзбек делегацияси Краснодар ўлкасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Делегация 17 май куни Краснодар ўлкаси губернатори ўринбосари С.В.Алтухов билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида қонуний меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи бошқармалар ўртасидаги ҳамкорлик ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Краснодар ўлкаси ҳудудида иш билан таъминлаш имкониятлари масалалари муҳокама қилинди.
2017 йилнинг 18 май куни агентлик вакиллари Краснодар ўлкаси «Карьера» давлат унитар корхонаси бош директори О.Попова билан учрашув ўтказди. Шу куннинг ўзида Кўп тармоқли миграция марказига ташриф амалга оширилди. Мазкур учрашув давомида агентлик томонидан унинг фаолияти, вазифалари ва Россия Федерацияси билан ҳамкорлик соҳасидаги бундан кейинги режалари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Ҳозирги пайтда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва «Карьера» давлат унитар корхонаси ўртасида бундан кейинги ҳамкорлик ва Краснодар ўлкасида меҳнат фаолияти мақсадларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини легаллаштириш бўйича келишувни имзолаш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)