Мадриднинг «Реал» клуби беш йил деганда Испания чемпионлигини қўлга киритиши учун сўнгги — 38-турда Малагадан очко билан қайтиши керак.
21 май куни «Барселона» ўз майдонида «Эйбар»ни қабул қилади. Каталония клуби мазкур беллашувда зафар қучса ва параллел ўйинда «Реал» имкониятни бой бериб қўйса — чемпионлик «Барселона»га насиб қилади.
«Қироллик клуби» олтин медалларга эга чиқиши учун ҳеч бўлмаганда 1 очко ишлаб олиши керак. Жамоа мана шундай паллада турган бир вақтда испаниялик спорт журналистлари «Реал» фойдасига ишлайдиган фактни тақдим этди, деб маълумот берди «Sports.ru».
«Реал» 2013 йилги мавсум «Малага»дан Искони харид қилган. Шартнома шартларига кўра, ўша мавсумдан бошлаб беш йил давомида «Реал» ҳар бир Ла лига чемпионлиги учун малагаликлар ҳисоб рақамига 1 миллион евродан ўтказиб бериши керак.
2013 йилдан ҳозирга қадар «Реал» бирор марта ҳам Испания чемпиони бўла олмади. Ва ниҳоят 2017 йилга Мадрид клуби олтин медаллар бўсағасида турибди. Чемпионлик учун эса бор-йўғи 1 очко керак. Фақатгина шу ҳолатда «Малага» 1 миллион евро ишлаб олади.
«Малага» сўнгги турда «Реал»ни мағлуб этса, унга қанча мукофот пули берилиши маълум эмас. Бундай ҳолатда «Барселона» Малага клубига таклиф билан чиқиб, «Реал»ни ютиб бериш учун 1 миллиондан кўпроқ ваъда қилиш ҳуқуқига эга. Аммо Каталония клуби ҳозирча бунга журъат этганича йўқ.
Изоҳ (0)