Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида давом этаётган «Ислом бирдамлик ўйинлари» мусобақасининг 6-куни Ўзбекистон терма жамоасига 11 та медаль тақдим қилди.
Аввалроқ Ўзбекистонлик икки нафар боксчи – Мироншоҳ Ибрагимов (-49 кг) ва Аброржон Қодиров (-52 кг) бронза медалини қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди.
Оғир атлетикачи Рустам Жангабоев Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига 8-олтин медални тақдим қилди. +105 килограмм вазн тоифасида иштирок этган спортчи даст кўтаришда 193, силтаб кўтаришда 238 килограммни ўзига бўйсундирди.
Жами 431 килограмм тош кўтарган ўзбекистонлик спортчи мусобақа рекордини ўрнатди ва энг яхши оғир атлетикачи деб топилди.
Яна бир ўзбекистонлик оғир атлетикачи Иван Ефремов (-105 кг) ўз вазн тоифасида бронза медалига эгалик қилди.
Таэквондо спорт тури 17 май куни Ўзбекистон терма жамоасига 4 та медаль олиб келди. Дмитрий Шокин (+87 кг) кумуш медалга сазовор бўлди. Максим Рафалович (-80 кг), Нигора Турсунқулова (-67 кг) ва Светлана Осипова (+73 кг) бронза медалини қўлга киритди.
Енгил атлетика бўйича ўзбекистонлик паралимпиячи Мансур Абдурашидов 100 метрга югуриш баҳсларида кумуш медалга эришди.
Ўзбекистонлик юнон-рум курашчилари Исломжон Баҳромов (-59 кг) кумуш, Рустам Ассакалов (-98 кг) бронза медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг 6-кунидан кейин 8 та олтин, 12 та кумуш, 23 та бронза – жами 43 та медаль билан 57 мамлакат орасида 4-ўринни банд қилиб турибди.
Изоҳ (0)