Қонунчиликка яқинда киритилган ўзгартиришлар бўйича чет элликларни меҳмонхоналарга жойлаштириш учун тўловларни валютада амалга ошириш лозим. Валюта ҳисоб-китоблари учун юқори тарифлар турлар даромадлилиги ва уларнинг рақобатбардошлигини камайтиради, деб ёзади Norma.
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида чет эллик фуқаролар ва республикада доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларни меҳмонхоналар ва бошқа жойларга жойлаштириш хизмати фақат эркин конвертация қилинувчи валютада амалга оширилади. Бунда тўлов таклиф этилаётган давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ҳолатлар истисно этилади.
Бундан ташқари, уларда ўтказилган ҳар бир кун учун 2 АҚШ долларига тенг туристик йиғим ундирилади.
Жойлаштириш хизмати учун тўланадиган чет эл валютаси ва туристик йиғим турли ҳисобларга ўтказилади. Туроператор меҳмонхонага чет эл валютасини икки тўлов топшириқномаси билан юбориши лозим.
Бунда аксарият тижорат банкларида республикадаги ҳисоб-китоблар учун ўтказилаётган сумманинг 0,05—1 фоизи, бироқ 20 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда фоиз ундирилади. Бундан ташқари, ҳар бир тўлов топшириқномаси учун банк 40 доллардан кам бўлмаган комиссион тўловлар олади. Оқибатда фақат битта меҳмонхонага жойлаштириш хизмати учун банк харажатлари 80 долларни ташкил қилади. Тур эса 4 та меҳмонхонада тўхташни кўзда тутади. Бунда банкларга улар кўрсатаётган хизмат учун 320 доллар тўлаш керак бўлади. Бу олинган даромаднинг 32 фоизини ташкил этади!
Вазиятни қуйидаги таклифлар ўзгартириши мумкин:
- чет элликларнинг яшаши учун меҳмонхоналар билан чет эл валютасида ҳисоб-китоб қилиш талабини бекор қилиш;
- туристик йиғимни миллий валютада ундириш.
Бу таклифлар қабул қилинмаса Ўзбекистон ҳудудида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда SWIFT халқаро тизимидан фойдаланмасдан, Марказий банкнинг банклараро тўловлар тизими орқали амалга ошириш тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)