Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда 145 километр темирйўлни электрлаштириш учун 80 миллион АҚШ доллари миқдорида заём ажратишни маъқуллади. Мазкур темирйўллар Поп, Наманган ва Андижон шаҳарларини бирлаштиради, деб ёзади UzDaily.
«Темирйўл тармоқлари хавфсизлиги, ишончлилиги ва барқарорлигини таъминлаш Ўзбекистон каби денгизга туташ бўлмаган мамлакатнинг ўсиши ва тараққиётининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади», — дейди ОTБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Такео Кониши.
Лойиҳа Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисмига яқини истиқомат қилувчи Фарғона водийсининг асосий шаҳарларини республика пойтахти Тошкент билан туташтириб юк ва йўловчи ташиш темирйўл хизматларининг тўғридан-тўғри ва самарали фаолият кўрсатишига кўмак беради. Шунингдек, лойиҳа транспорт боғланишини яхшилаб, Фарғона водийсида иш ўринларини яратиш ва кўпайтириш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 177,45 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Унда «Ўзбекистон Темирйўллари» давлат акциядорлик компанияси ва ҳукуматнинг молиялаштириш улуши 97,45 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)