Андижон вилояти ҳокимлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида «Касб-ҳунар билан келажак сари» шиори остида ёшлар форуми ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Форумда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Айни пайтга қадар вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан корхона ва ташкилотлар ўртасида амалиёт ўташ ва ишга жойлашиш бўйича тўрт томонлама шартномалар тузиш якунига етказилмоқда. Унга кўра, битирувчиларнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича турли ташкилот ва корхоналарда амалиёт ўтаб, малака оширмоқда.
Тадбирда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасаларининг имкониятлари, мавжуд мутахассисликлар, моддий-техник базаси, ўқиш, касб-ҳунар ўргатиш борасидаги шароитлари амалий кўргазмалар орқали намойиш этилди. Умумтаълим мактаблари битирувчиларига коллежлар фаолияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
Форумда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мутахассисликни қай даражада эгаллаганини ўзлари тайёрлаган тикувчилик, қандолатчилик, саноат маҳсулотлари кўргазмалари орқали намойиш этди.
Форум доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 44 корхона ва ташкилот 185 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркада кўплаб битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма олди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сўзга чиқди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)