Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида вафот этган актриса Керри Фишер томонидан «Юлдузлар жанги» киноэпопеясида ижро этилган малика Лея Органа қаҳрамони трилогиядан иборат ушбу фильмнинг якуний қисмида пайдо бўлади. Бу ҳақда актрисанинг акаси Тодд Фишер маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Фишернинг акаси ва қизи Билли Луорд Disney студиясига тўққизинчи эпизодни яратишда марҳуманинг кадрларидан фойдаланишга рухсат берди. Ҳозирча бу қандай амалга оширилиши номаълум. Бироқ Disney студияси таркибига кирувчи Lucasfilm Фишернинг график модели устида ишламаслигини аввалроқ маълум қилганди.
Олдинроқ Lucasfilm вакиллари саккизинчи эпизодда Фишер иштирокидаги саҳналар суратга олиб бўлингани ҳақида айтганди. Мазкур эпизод катта экранларга 2017 йили чиқади. Трилогиянинг сўнгги фильмини суратга олиш жараёни 2018 йили бошланиб, премьераси 2019 йили бўлиб ўтади.
Керри Фишер «Юлдузлар жанги» киноэпопеясидаги биринчи фильмда (1977 йил) ўйнаган малика Лея роли билан шуҳрат қозонган. Мазкур фильмни тасвирга олиш ишлари бошланган вақтда у 19 ёшда эди. Кейинчалик Фишер яна тўртта «Юлдузлар жанги»да, хусусан, VII (2015) ва VIII (2017 йилда экранларга чиқиши кутилмоқда) эпизодларда ҳам Лея ролини ўйнади.
1990- ва 2000 йилларда Фишер Голливудда «сценарий шифокори» сифатида ишлади, яъни, сценарийларни қайта ишлаш ва тўлдириш билан шуғулланди. Бу лавозимда у «Юлдузлар жанги»нинг I – III эпизодлари, «Ўлдирувчи қурол 3», «Тўйдаги хонанда», «Мистер ва миссис Смит» фильмларида ишлаган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)