Умумий қиймати 4 миллиард долларлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Сурғилда Устюрт газ-кимё мажмуасида полипропилен ишлаб чиқариш бошланди. Қурилиши 2012 йилда бошланган Устюрт газ-кимё мажмуасида газни тақсимлайдиган, этилен, полиэтилен, полипропилен ишлаб чиқарадиган ва энергия манбалари билан таъминлайдиган жами бешта завод, шунингдек, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилган. Улар дунёдаги энг замонавий юқори технологиялар билан таъминланган, энг сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган.
Мажмуада 1300 га яқин мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Устюрт газ-кимё мажмуасида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни синов тариқасида ўтган йили бошланган эди. 2015 йилда 54,9 минг тоннадан зиёд суюлтирилган углеводород гази, 34 минг тоннадан ортиқ газ конденсати ишлаб чиқарилди. Magisтрал газ қувурларига 1,8 миллиард куб метрдан ортиқ этан ва газ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти энергия тизимига 87,5 минг мегаваттдан зиёд электр энергияси етказиб берилди. Айни пайтда пиролиз дистилляти Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига бензин тайёрлаш учун юборилмоқда. Полиэтилен ва полипропилен қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Шу кунга қадар қарийб 150 миллион долларлик 186 минг тоннадан ортиқ полиэтилен ва полипропилен Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларига жўнатилди. Маълумотларга кўра, 2020 йилга бориб полиэтилен ишлаб чиқариш ҳажми 4,1 баробар ошади.
Депутатлар ушбу корхонада ёшлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг меҳнатга бўлган ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида қилинаётган ишларга ҳам эътибор қаратди. Ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ва қулайликлар барчанинг эътиборида бўлди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)