Қозоғистон элчихонаси Санкт-Петербург метрополитенида содир бўлган теракт оқибатида 20 ёшли Қозоғистон фуқароси, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетининг учинчи босқич талабаси Максим Аришев ҳалок бўлганини маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Қозоғистон элчихонасининг алоҳида қайд этишича, Максим Аришевнинг террорчи-худкуш бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмайди.
Хабар беришларича, Санкт-Петербургга етиб келган Аришевнинг қариндошлари бош консуллик ходимлари билан биргаликда унинг жасадини таниган. Айни вақтда, йигитнинг онаси унинг ўғлини теракт ижрочиси дея эълон қилган оммавий ахборот воситаларини судга бериш нияти йўқлигини билдирган.
Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Санкт-Петербургдаги портлашга алоқаси борликда гумон қилинган қозоғистонлик Максим Аришевнинг ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида йўқлигини маълум қилган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!