Ҳиндистонда кекса аёллар учун мактаб очилди. Ёши 60 дан ошган ўқувчилар алифбони ва ёзишни ўрганмоқда, чунки аввал уларда бундай имконият бўлмаган. Мамлакатда аёлларнинг 35 фоизи саводсиз бўлиб, маҳаллий ўқитувчиларнинг бу ташаббуси оммалашиб кетди. «Коммерсантъ» нашри мактабдаги ўқув жараёни акс этган фотожамланмани тақдим этди.
Фаньгань қишлоғидаги Aajibaichi Shaala мактаби ўқувчиларининг барчаси 60 дан ошган. Улар болаликда таълим олиш имкониятига эга бўлмаган. Ўқувчиларнинг кўпчилиги ўқиш ва ёзишни билмайди.
Ноодатий таълим муассасасини яратиш ғояси маҳаллий бошланғич мактаб ўқитувчилари жамоасига тегишли.
Болаларга бақириш, уларни уришиш мумкин. Бувилар билан бундай қилиб бўлмайди. Бу ерда чин меҳр ва кўп сабр керак. Баъзи аёллар яхши эшитмайди ёки яхши кўрмайди, шунинг учун уларга яқин келиб, бир неча марта баланд овозда қайта тушунтиришга тўғри келади.Шитар Пракаш Морэ, мактаб ўқитувчиси
Мактабдаги машғулотларда болаларни ўқитишда қўлланиладиган методлардан фойдаланилади. Ўқув қуролларини ўқувчиларнинг ўзи тайёрлайди.
«Бувилар мактаби»да дарслар куннинг иккинчи ярмида, аёллар уй ишларини қилиб бўлгач бошланади.
Aajibaichi Shaala мактаби ўқувчиси машғулотга боришдан олдин овқат тайёрлаш учун олов ёқмоқда.
Мактаб ўқувчиларидан бири дарсга кетишдан аввал неварасини ухлатмоқда.
Мактабдаги дарслар ҳафтасига олти кун, бир кунда эса икки соат давом этади.
Менинг тиззаларим оғрийди ва икки соат шундай ўтириш мен учун қийин. Бироқ барибир дарсларга бораман.Мактаб ўқувчиларидан бири
70 ёшли Друпада Пандурангкедар кекса аёллар мактабига боради, унинг невараси эса давлат бошланғич мактабида ўқийди.
Оддий мактабда бўлгани каби Aajibaichi Shaala мактабида ҳам ўқувчилар учун белгиланган форма мавжуд. Мактаб ўқувчилари машғулот вақтида пушти сари кийиши шарт.
Ҳиндистонда аҳолининг саводсизлиги долзарб муаммо ҳисобланади. ЮНЕСКОнинг маълумотларига кўра, мамлакатда тахминан 287 миллион аҳоли ёзиш кўникмаларига эга эмас. Бу аҳолининг тўртдан бир қисмини ташкил қилади.
ЮНЕСКО экспертларининг «Барча учун таълим» маърузасида келтирилган ҳисоб-китобига кўра, Ҳиндистонда бутун дунёдаги саводсиз аҳолининг 37 фоизи яшайди.
Ҳиндистондаги аёлларнинг 35 фоизи, эркакларнинг эса 18 фоизи саводсиз ҳисобланади.
Экспертларнинг фикрига кўра, аёллар ва эркаклар саводхонлиги ўртасидаги фарқ мамлакатда сақланиб қолаётган қизларни эрта турмушга бериш анъанаси туфайли юзага келмоқда. Балоғатга етмаган 12 ёшли қизларни узатиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Муаммолар кўламининг кенглигига қарамасдан, Ҳиндистон бюджетининг атиги 10 фоизи таълимга йўналтирилади. 20 йил олдин бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил қилган.
Болалигимда мактабга бора олмаганман ва бир умр саводсиз бўлиб қолдим. Бироқ мен шундай ўлишни хоҳламайман. Мен бу ўткинчи дунёда ҳеч бўлмаса ўз исмимни ёза олишдан бахтлиман.Мактаб ўқувчиси
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)