Бугун — 3 март куни футбол бўйича Ўзбекистон Олий лигасида 2017 йилги мавсум расман старт олади.
«Championat.asia»нинг маълумот беришича, Ўзбекистон футбол федерацияси 2016 йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийи номини ҳали ҳам ошкор этганича йўқ.
Нашр тахминига кўра, «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев ҳаммадан кўпроқ овоз тўплаган. Чунки хорижлик бўлгани учун «Локомотив» устози Мирко Йеличич ва «Бунёдкор» мураббийи Сергей Лушчан номзодлари овозга қўйилмаган. Одил Аҳмедов эса йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган бўлиши катта эҳтимол.
ЎФФ энг яхшиларни аниқлаш сўровномасини 2016 йилнинг 2 декабрь санасида бошлаган бўлиб, уни 28 декабрь куни якунлаганди. Шундан кейин икки ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, сўровнома натижалари ошкор қилинмаган.
Бунда энг яхшилар қачон айтилиши маълум эмас. 2016 йилнинг энг яхшилари 2017 йилдагилар билан биргаликда тақдирланадими ёки йўқ — аниқлик ҳам киритилмаган.