Ўзбекистонлик ҳаво гимнастикачилари дуэти — Sky Angels АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида 3 март куни бўлиб ўтадиган Cirque du Soleil — One Night for One Drop («Бир томчи учун бир кеча») хайрия цирк шоусида иштирок этади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Яқиндагина Монте-Карлодаги фестивалда цирк «Оскар»ини қўлга киритган ўзбекистонликлардан ташқари, хайрия шоусида акробатлар, гимнастикачилар, каскадёрлар, шунингдек, махсус чақирилган меҳмонлар— рэпер Redfoo, The Tenors гуруҳи, «Америкада маҳоратлилар бор–2016» ғолиби Greyс Вандервол, Аргентинанинг Malevo раққослар гуруҳи ҳамда «Юлдузли йўл» сериалида Жеймс Кирк ролини ижро этган канадалик актёр Уильям Шенер иштирок этади.
Лойиҳада кўнгилли равишда ва бепул асосда 300 га яқин киши, жумладан, 63 санъаткор қатнашади.
Чипталар сотувидан тушган барча маблағ ONE DROP («Битта томчи») халқаро ташкилотининг хайрия дастурларига йўналтирилади. Мазкур шоу 2013 йилдан буён ўтказиб келинади, дастур ёрдамида шу кунгача 24 миллион доллар жамғарилди.
ONE DROP – Cirque du Soleil асосчиси Ги Лалиберте ташаббуси билан яратилган хайрия ташкилоти. Ташкилотнинг мақсади – қашшоқликни тоза ичимлик сувига йўл очиш орқали бартараф этиш ҳамда сув масалаларидан бохабарлик даражасини оширишдан иборат.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)