Рўзиқул Бердиев мураббийлик қиладиган Қаршининг «Насаф» клуби Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этмайди. Ўтиш ўйинида Баҳрайн чемпиони дарвозасига Тошкентда 4 та гол урган жамоа, плей-оффда «Ал-Фотиҳ» постига умуман йўл топа олмади.
«Championat.asia» нашри маълумотига кўра, «Насаф» Чемпионлар лигаси доирасида Саудияга уч бор ташриф буюрган бўлиб, ҳар сафар мағлубият аламини тотиб кўрган. 2015 ва 2016 йилги мавсумларда «Ал-Аҳли» футбол клуби Қарши жамоасини 2:1 ҳисобларида мағлуб этган бўлса, 2017 йилга келиб «Ал-Фотиҳ» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Саудия чемпионатида 12-ўринни эгаллаб турган жамоага қарши ўтган плей-офф босқичи «Насаф» учун биринчиси эмасди. Клуб 2014 йил ҳам плей-офф босқичида тўп сурган ва Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубидан 1:5 ҳисобида енгилган.
«Ал-Фотиҳ»га қарши ўйиндан кейин «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрини билдириб ўтди.
Бундай катта ўйинларда гол урмасдан ғалаба қозониш қийин. Учрашув тақдирини 1 та аниқ зарба ҳал қилди.«Ал-Фотиҳ»дан айнан шундай қаршилик кутгандик. Уларда ҳам жамоавий, ҳам индивидуал маҳорати юқори бўлган футболчилар бор. Португалиялик легионер томонидан урилган гол шунинг натижаси эди.
Режамиз бўйича биринчи бўлимда гол ўтказиб юбормаслигимиз керак эди. Афсуски ундай бўлмади. Драган Черан бўлим якунида юзага келган имкониятдан фойдалана олмади.
Иккинчи бўлимда «Ал-Фотиҳ» етарли даражада ҳужум уюштиришга имконият қолдирмади. Кези келганда уч ҳужумчи билан ҳам ҳаракат қилдик. Бироқ рақиб яхши ҳимояланди.
Айтишим мумкин бўлгани — жамоалар бир хил футбол ўйнади. Беллашув кимнингдир устунлиги остида ўтгани йўқ. Шунчаки мезбонлар имкониятдан бир марта фойдаланди.
Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи
Изоҳ (0)