Исландияда дунёдаги энг чуқур вулқон қудуғини қазиш ишлари ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Iceland Deep Drilling Project (IDDP) лойиҳаси сайтида хабар берилди.
1 февралда эълон қилинган баёнотга кўра, қазиш 25 январь куни тугатилган. Қудуқ чуқурлиги 4659 метрга тенг бўлиб, унинг ичидаги ҳарорат 427 даражани, босим эса 340 барни ташкил этади.
Мутахассисларнинг фикрича, босим билан боғлиқ кўрсаткич туйнук диаметри кенгайиши билан ҳамоҳанг тарзда ўсиб бориши мумкин.
Қудуқ Исландиянинг вулқон сўнгги бор 700 йил аввал отилган Рейкянес яриморолида жойлашган. 2016 йил 11 августида бошланган қазиш ишлари 176 кун давом этди.
Аввалига қудуқни қарийб 5 минг метргача қазиш режалаштирилган эди. Бироқ босим ва ҳарорат ниҳоятда баланд бўлгани боис, мутахассислар қазишни шу чуқурликда тўхтатишга қарор қилди.
IDDP лойиҳаси ер остидаги иссиқлик энергиясини электр қувватига айлантиришни кўзда тутади. Мутахассислар фикрича, чуқурликдан чиқувчи буғ ер устига яқин геотермал манбаларга нисбатан 10 баробар кўп энергия бера олади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.