Тошкент ахборот технологиялари университети 4-курс талабаси Иззат Маҳмадалиевнинг устози Отабек Нарзиев кўмагида олиб борган изланишлари натижасида яратилган «Корпоратив ходимлар ҳисобини юритиш» дастурий тизими кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. У айни пайтда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси, «Темирйўллойиҳа» ташкилотида амалиётга жорий этилди, деб хабар беради ЎзА.
«Агар ота-онам менинг қизиқишларимни тўғри тушуниб, шу соҳага йўналтирмаганда, виртуал оламда йўлимни йўқотиб қўйишим ҳам ҳеч гап эмасди, — дейди Иззат. — Дадам ҳатто фойдали ўйинларни танлашни ҳам ўргатарди. Бу ўйинлар мени инглиз тилини ўзлаштиришимга, кейинчалик Funny English дастурий мажмуасини яратишимга туртки бўлди. Мазкур дастурий мажмуа бошланғич синф ўқувчилари учун инглиз тили фанини ўқитиш жараёнини автоматлаштиришга мўлжалланган ва мультимедиали компьютер хоналарида ўрнатиладиган дастур бўлиб, ўқитиш жараёнини ўқитувчи ва ўқувчига қулай, интерфаол ва қизиқарли тарзда ташкил этиш имконини беради. Ундан ташқари, уйда ўқувчиларнинг билимларини мустаҳкамлаш учун ҳам жуда қулай дастур ҳисобланади».
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан Иззат яратган Funny English дастурий мажмуаси ва «Корпоратив ходимлар ҳисобини юритиш» дастурий тизими учун муаллифлик гувоҳномалари берилди. Ҳозирги кунда изланувчан талаба устози Барно Ғаниева кўмагида электрон кутубхона мобил дастурини яратиш устида изланиш олиб бормоқда.
Изоҳ (0)