Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни «Маъмурий ҳибсни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда UzReport хабар бермоқда.
Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилган, 13 декабрда эса Сенат томонидан маъқулланган эди.
Қонундан кўзланган асосий мақсад маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларнинг маъмурий ҳибсни ўташ тартиби ва принципларини мустаҳкамлашдир. Қонун маъмурий ҳибсга тортилган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини, шунингдек, уларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, давлат ва жамоат манфаатларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантириш чораларини белгилайди.
Қонунда маъмурий ҳибсга тортилган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва жойлаштириш, уларни кўздан кечириш, шунингдек, маъмурий ҳибсга учраган шахсларни сақлашни таъминлаш чоралари, уларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари сингари масалалар кўзда тутилган. Шунингдек, қонунда бундай шахсларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш, уларнинг фуқаролик-ҳуқуқий келишувлар ва оилавий муносабатлардаги иштироки, уларга мурожаатлар, почта жўнатмалари ва етказмалари жўнатилиши ва етказилиши, махсус қабул муассасси ташқарисига чиқиш шартлари, шунингдек, маъмурий ҳибсга олинган шахсларни сақлаш жойларига қўйиладиган асосий талаблар, уларнинг моддий-маиший ва тиббий таъминоти бўйича меъёрлар мустаҳкамланган.
Қонун расман чоп этилганидан 24 ой ўтиши билан кучга киради.
Изоҳ (0)