Таиландда 30 мингга яқин киши янги монархнинг тахтга ўтириши шарафига эълон қилинган амнистияга тушди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш департаменти раҳбари Кобкиат Касиват маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Биринчи маҳбуслар озодликдан маҳрум этиш жойларини яқин уч кунда тарк этиши мумкин. Зўравонлар ва наркотик моддалар билан савдо қилувчилар амнистияга тушмайди», — дея аниқлик киритди Касиват.
Унинг сўзларига қараганда, қироллик афвига сазовор бўлган Таиланднинг энг машҳур маҳбусларидан бири Миллий парламентнинг собиқ депутати Чувит Камолвисит бўлди. У жорий йилнинг бошида Бангкок марказидаги 60 та барни йўқ қилганлиги учун икки йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Амнистия тўғрисидаги ҳужжатга кўра, ногирон маҳбуслар, шунингдек, онкологик хасталиклар, руҳий бузилишлар ва бошқа оғир хасталиклардан азият чекаётган маҳбуслар афв этилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.