Швейцарияда дунёдаги энг узун Готард темир йўл туннелида ҳаракатланиш бошланди. Июнда очилган туннелдан ўтган биринчи таркиб Базелдан Луганога йўл олган юк поезди бўлди, дея хабар беради «Корреспондент.net».
Иншоот орқали ўтган биринчи йўловчи поезди Цюрихдан Италиянинг Монца шаҳрига жўнади. Оддий фуқаролардан ташқари мартабали меҳмонлар, жумладан, Швейцария ҳукумати ва барча кантонлар маъмуриятлари ходимлари, парламент депутатлари ва темир йўл тармоғи вакиллари унинг илк йўловчилари бўлди.
57 километрга чўзилган Готард туннели Хоккайдо ва Хонсю оролларини бирлаштирувчи Япониядаги 53,9 километрли Сэйкан туннелини ортда қолдирди. Ла-Манш остидан ўтган евротуннел (49,9 километр) энди учинчи ўринни эгалламоқда.
Готард туннелининг қурилиш ишлари 17 йил аввал бошланганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 12 миллиард Швейцария франкига (10,9 миллиард евро) тенг бўлди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.