Россиянинг Тула шаҳрида 1972 йилги Олимпиада чемпиони Шамиль Хисамутдинов соврини учун ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари 4 та олтин ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизматига асосланиб, «Оламспорт» маълум қилмоқда.
Мазкур турнирда 20 га яқин давлатдан ёш курашчилар куч синашди. Мусобақа икки ёш тоифасида – 2000—2001 ҳамда 2002—2003 йилларда таваллуд топган полвонлар ўртасида ташкил этилди.
Ўзбекистонлик спортчилардан Лазиз Тошкентбоев (-42 кг), Элдор Каримов (-46 кг), Асилбек Неъматов (-50 кг) ва Жавоҳирбек Саматов (-58 кг) олтин медални қўлга киритди.
Азизбек Алимов (-50 кг) ва Акмал Акромов (-54 кг) халқаро турнирнинг бронза медалига сазовор бўлди.
Хабарда таъкидланишича, ушбу халқаро турнир спортчилар учун 2017 йили Таиландда ўтказиладиган Осиё чемпионати, 2017 йилнинг сентябр ойида Грецияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига саралаш ҳамда синов вазифасини ўтаб берди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.