Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) хорватиялик мухлисларнинг Косово термасига қарши ЖЧ–2018 саралаш ўйинида намойиш этган номақбул хатти-ҳаракати учун Хорватия футбол федерациясини 50 минг доллар миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
6 октябрь куни Косово ва Хорватия (0:6) терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйинда ҳар икки жамоа мухлислари «сербларга ўлим» дея ҳайқирган. Кейинроқ ФИФА ҳар икки мамлакат федерациясига нисбатан интизомий иш очди.
Косово футбол федерацияси ФИФА аъзолигини олганидан сўнг мамлакат термаси биринчи марта уй учрашувини ўтказган эди. Косовода талабларга жавоб берадиган стадионлар бўлмагани учун ўйин Албаниянинг Шкодра шаҳрида бўлиб ўтди.
Аввалроқ Хорватия термаси ўз мухлисларининг ёмон хулқи туфайли ЖЧ–2018 саралашидаги дастлабки икки ўйинини ишқибозларсиз ўтказишга мажбур бўлганди.
Изоҳ (0)