2016 йилнинг 31 октябрь куни Европа парламенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида делегация вакилларининг Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, аҳолининг бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга асосий эътибор қаратилди.
Унда, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ва изчил ривожлантирилиши аҳоли ҳаёт сифатининг ошиши, ижтимоий ва меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларнинг муваффақиятли ҳал этилиши ва фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларининг самарали таъминланишига хизмат қилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши ва амалда жорий этилиши аҳоли бандлигини таъминлашда катта имкониятлар яратаётганлигига урғу берилди.
Делегация аъзолари ва касаба уюшмалари вакиллари бундан кейин ҳам ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдирди.
Изоҳ (0)