Совуқ фасллар қайноқ ичимликлар мавсумидир! Танага иссиқлик берувчи хушбўй ичимликлар қадимдан тайёрлаб келинган. Улар орасида ажойиб таъмга эга бир неча хил вариантлар мавжуд. Бу турли-туман чойлар, ўтли дамламалар, шоколад, қаҳва, какао ва сут асосида тайёрланган ичимликлардир.
Бундай ичимликларни ичиш айниқса куз ва қишда жуда фойдали. Чунки улар қон айланишини яхшилайди, демакки, тезроқ иситади. Барчаси бундай ичимликларга қўшиладиган занжабил, лимон каби зираворлар туфайлидир. Севимли маҳсулотларингиздан ўз рецептингизни яратишингиз ҳам мумкин.
Қайноқ шоколад
Бу мазали ичимликни ҳамма хуш кўради, бироқ қайноқ шоколад мазали чиқиши учун барчасини қоида бўйича тайёрлаш керак.
Ярим литр сутни оловга қўйиб, 2 ош қошиқ шакар ва бир чимдим ванилин қўшамиз. Аралашма қайнаб чиққандан сўнг, бўлакларга бўлинган қора шоколадни қўшиб, қуюқлашгунча қайнатамиз.
Қайнатиш жараёнида уни аралаштириб туриш тавсия этилади.
Какао
Какаонинг таъми болаликни эслатади. Хушхўр, бироқ кўнгилга урмайдиган, хушбўй ва қайноқ. Табиий какао кукуни соғлиқ учун жуда фойдали ҳисобланади. Чунки унда кайфиятни кўтарувчи моддалар мавжуд.
Уч чой қошиқ какаога бир қошиқ сув қўшиб, аралаштирамиз. Бир стакан сутни қайнатиб, какао билан аралаштирамиз ва сузгичдан ўтказамиз.
Агар какао кукуни табиий бўлса, унга бир қошиқ шакар қўшиш мумкин. Устидан маршмеллоу (зефиринки) сепиш мумкин.
Занжабил чойи
Занжабил чойи қувват берувчи ва моддалар алмашинувини яхшиловчи, ёқимли таъмга эга бўлган ажойиб ичимликдир. Танани қисқа вақт ичида қиздиради.
2 сантиметр занжабил томирини майда қирғичдан ўтказамиз. Унинг устидан қайноқ сув қуйиб, бир чой қошиқ қора чой қўшамиз.
3—5 дақиқа қайнатгандан сўнг таъбга кўра бир бўлак лимон қўшамиз.
Изоҳ (0)