Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Президентлигига партиядан номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз маърузасида сайловолди дастурининг асосий ҳолатлари юзасидан маълумот берди. Маърузанинг тўлиқ матни партия расмий сайтида чоп этилди.
«Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни юритишдан иборатдир. Бу меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишини, ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратилишини, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизими шакллантирилиши билан боғлиқ масалаларни қамраб олади», — деди сиёсатчи.
Шундан сўнг у бундай мақсадларни самарали амалга оширишда устувор ҳисобланувчи йўналишларга тўхталиб ўтди:
«Биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарур. Хусусан, меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тузишда ҳудуднинг жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини аниқлаштириш, касб-ҳунар коллежлари йўналишларини белгилашда ташкил этилаётган корхона ва тадбиркорлик субъектларини кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиш лозим. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бири бўлишига эришиш керак. Ушбу мақсадда, авваламбор, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган корхоналарда, хусусан, юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим».
«Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштиришдир», — қўшимча қилди Ҳотамжон Кетмонов.
Изоҳ (0)