АҚШнинг Майамида жойлашган Forza стартапи дунёдаги биринчи ақлли турник — Smart Fitness Bar’ни ишлаб чиқарди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
TechCrunch порталининг ҳазил тарзида ёзишича, ишланма муаллифлари турникни биринчи маротаба «ақлли» қилиб ишлаб чиқаришига сабаб қандайдир юқори технологиялар эмас, балки илгари биров буни фойдали ишланма деб ўйламаганидир.
Smart Fitness Bar Bluetooth орқали смартфонга уланиб, барча зарур ахборотни турник ва Forza’нинг бошқа маҳсулотлари учун махсус тайёрланган мобил дастурга йўллайди. Турник, тортилишлар сонини санашдан ташқари, инсон пульсини ўлчашни, шунингдек, эритилган калорияларни ҳисоблашни билади.
Ишланма муаллифларининг фикрича, бу каби ускуналар фойдаланувчиларга беллашув руҳини сақлашга ёрдам беради.