Ўзбекистон ва Эрон миллий термалари ўртасидаги 6 октябрь куни бўлиб ўтадиган ўйин олдидан ҳар икки жамоа мураббийлари матбуот анжуманида иштирок этди. Залга биринчи бўлиб форслар устози Карлуш Кейруш шогирди Масъуд Шожаий билан кириб келди.
«Тошкентга Эрон мураббийи сифатида учинчи марта келдим. Эртага гуруҳдаги энг яхши жамоага қарши ўйнаймиз. Биздан кутилаётган натижани Эронга олиб боришга ҳаракат қиламиз», — деб гап бошлади Карлуш Кейруш.
Эрон етакчилари бўлган Ашкан Дежага ва Алиризо Жаҳонбаҳшнинг жароҳати майдонга тушишга тўсқинлик қилиши мумкин эди. Бу борадаги саволга Кейруш шундай жавоб берди:
«Жароҳатлар футболнинг ажралмас қисми. Бизда Дежага ва Жаҳонбаҳшдан ҳам машҳурроқ юлдуз бор: жамоа. Менда эронликлар учун яхши, Ўзбекистон учун ёмон хабар бор: эртага бу икки футболчи майдонга тушиш учун тайёр».
«Эронда бугунга келиб футболчилар борасида муаммо йўқ. Терма йилдан йилга ўсиб бормоқда. Мен унга келганимда 1 нафар футболчи Европада ўйнарди, ҳозир эса 11 нафар», — деди португалиялик мутахассис.
Ўзбекистон — Эрон ўйини 6 октябрь куни 18:00 да — «Бунёдкор» стадионида старт олади.
Изоҳ (0)